Мусибат ҳолатига ҳар бир мусулмон фарзанди учраши табиий бир ҳол бўлгани учун ҳам унга одобни сингдирмоқ лозим. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради. Ҳар бир киши ота-онаси, яқини, қадрдони, азизи ёки дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Мусибат хонадонга бориб таъзия билдирмоқнинг ўзига хос тартиб-қоида ва одоб-ахлоқлари мавжуд бўлиб, уларни ўрнида қўллаш лозимдир. Мусибат етган ҳолатда Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиши керак. Аҳли мусибатга хоҳ дафндан илгари, хоҳ дафндан сўнг, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Тобут олиб кетаётган кишиларга сукут вожибдир. Бу ҳолда зикр ва фикрга машғул бўлиш мустаҳаб.
Ибн Можа ва Байҳақий Амр ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ азза ва жалла уни азизлик либоси билан безайди”, дедилар. Дафн маросимидан олдин бўладими ёки уч кунлик аза давомида, аҳли маййитларнинг барчаларига таъзия билдириш жоиз бўлади. Аммо имкон қадар эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли кечиккан одам уч кундан кейин ҳам таъзия билдириши мумкин. Уламолар маййитнинг ёш қизига ва аёлига таъзия билдириш фақат маҳрамларига жоиз деганлар. Таьзия сўзларини айтиш Имом Нававий “Азкор” номли китобида келтиради: Таьзия билдиришнинг энг яхшиси Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидан бирига унинг фарзанди вафот этгани ҳақида хабар бериш учун бир кишини юборди. Хабарчига: «Бориб айтгин, албатта, Аллоҳ ўзи бериб, яна ўзи олди, ҳар нарсанинг ўз ажали бордир”, деб уни сабрга буюргин ва у албатта савоб олади…» дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Таьзия изҳор қилувчи қуйидаги ҳаракатлардан сақланади: кулишдан, табассум қилишдан ёки ҳазил хатти-ҳаракатдан; ҳамдардлик билдиришда ноўрин сўзларни айтишдан. Шунинг учун кишиларнинг номақбул, турли фитналарни қамраб олган ишларини тузатишда ҳам қўполлик қилмасдан, уларнинг дилларини оғритиб қўймасдан, ақлли ва тадбирли бир йўл топайлик, натижада у одамлар нотўғри йўлдан қайтарган кишидан нафратланмасдан, аксинча, таъсирланиб, ўша инсонга нисбатан янада меҳри товлансин.
Сохибжон Болтабоев,
Косонсой тумани “Содод” жоме
масжиди имом-ноиби