Таълим тарбия

ТАДАББУР ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ.

ТАДАББУР ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ.

Қуръони Карим бир минг тўрт юз йил муқаддам нозил қилингандир. Бугун ушбу илоҳий китобда дунёдаги бошқа китобларда учрамайдиган маълумотлар борлиги тасдиғини топмоқда. Қуръонни биздан олдинги боболаримиз тадаббур билан синчиклаб ўқиганликлари сабаб, Роббимиз уларни дунёда азиз қилиб қўйди. Аллоҳ Таъоло марҳамат қилиб айтадики:

" Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар".( Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга шогирдларидан бирининг хабари етиб келди. Унга кўра, у ҳар кеча бедор бўлиб, Қуръонни хатм қилар экан. Имом уни чақиртириб, унга Қуръонни тадаббур билан ўқишни ўргатмоқчи бўлди. Бугун бориб, кечани қоим қиласан. Қуръонни эса менга ўқиб бераётгандек тасаввурда ўқийсан. Гўё мен сени кузатиб тургандек. Нима бўлганини менга айтарсан? 

Эртаси куни шогирд имом ҳузурига келди. Тун бўйи ўн порадан ортиқ ўқий олмаганини айтди.

Имом айтди.

Бугун бориб, Қуръонни Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб бераётгандек тасаввурда   ўқийсан! Шогирд келиб, тун бўйи " Амма" порасини ҳам тугата олмаганини айтди.

Имом айтди: 

Бугун бориб, Қуръонни Аллоҳ таолога ўқиб бераётгандек фикрда ўқийсан! 

Шогирд ҳайрон қолди. Эртаси куни кўзида ёш, қаттиқ уйқусизлик аломати кўриниб тургандек, қўрқинч билан кириб келди.

Нима бўлди, болам?- сўради имом.

Шогирд йиғлаганча: 

Аллоҳга қасам, тун бўйи " Фотиҳа" сурасини тугата олмадим. 

Қуръон Аллоҳнинг каломи. Уни тил билан эмас, қалбинг билан ўқимоқ лозим.

Тадаббур, тафаккур қилишдан тўсадиган нарсаларни тарк қилиш .Масалан, ҳарфларнинг ҳаққини адо қилмаслик, уни ўз махражидан чиқармаслик каби ишлар билан шайтон васваса қилади. Шу сабаб тиловатдан асосий мақсад бўлган тадаббурдан чалғимаслик керак. Гуноҳга муккасидан кетиш, мутакаббир бўлиш, нафси ҳавога берилиб кетиш ҳам Қуръонни тафаккур, тадаббур қилишдан тўсади. Чунки бу ишлар қалбни қорайиши унинг занглашига сабаб бўлади.

Қуръон тиловат қилувчи инсон шуни билиши лозимки, ундаги қилинган хитоблар, ваъидлар ўз навбатида ана шу инсонга ҳам тааллуқлидир. Ундаги қиссалар шунчаки эмас, балки ибрат учун улар нозил қилингандир. Уларни тааммул қилмоқ лозим. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: " 

" Менга Бақара сурасини тартил билан, тадаббур қилиб ўқишим Қуръоннинг ҳаммасини тез ўқиб чиқишдан кўра маҳбуброқдир". Демак англанмай, қалб хозир бўлмай ўқилган бирорта оят учун савоб бўлмаса керак.

Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни шошилмасдан, ҳарфларни дона-дона қилиб ўқиганлар, саҳобаларга ҳам шуни ўргатганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган:" Қуръон ўқинглар, у билан қалбларингизни ҳаракатга келтиринг. Лекин биронтангизнинг ниятингиз сурани тезроқ тамомлаб олиш бўлмасин"( Байҳақий ривоят қилган). 

Қуръон ўқишдан мақсад нима? 

Маъносини тушуниш албатта. Шундай экан, шошилиб, пала-партиш ўқигандан кўра хаёлни бир ерга жамлаб қироат қилган афзал. Қуръон ўқиганда фақат савоб олишнимас, Каломуллоҳ мазмунини англашни мақсад қилайлик.

Маъсумхон Турғунов.
Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме 
масжиди имом хатиби