Жамият аъзоларига муносабат

ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК!

ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК!

Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратган барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажойиб оламни инсонга бўйунсунадиган қилиб қўйди. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик улуғ неъматлар бериши билан бирга, мазкур неъматлардан ўзи учун ва ўзгалар учун қайта фойдаланишни таълим берган. Аллоҳ таоло инсонни дунёни, табиатни асрашга, Аллоҳ таолонинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида ишлатиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган. Муқаддас китобимиз, Қуръони каримнинг икки юз эллик оятида табиат, уни асраб авайлаш мавзулари зикр этилгани Исломнинг бу масалага қанчалик катта эътибор қаратишини кўрсатиб турибди. Ҳар биримизга маълумки Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан ва ўзаро боғлиқ ҳолатда яратган. Бу ҳақида Қуръони каримни Қамар сураси 49-оятида шундай марҳамат қилган: “Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик”. 

Демак, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ таоло тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни асраб-авайлашга қаттиқ ҳаракат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам ҳудди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни “Зориёт” сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: 
“Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз”. Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир.

          Аллоҳ таоло бизнинг бахтиёр, қулай яшашимиз учун тайёрлаб, жиҳозлаб берган бу сайёрани ифлослантирмаслигимиз, унда бузғунчилик қилмаслигимиз ёки унга нисбатан ёмон муомалада бўлмаслигимиз лозим. Акс ҳолда ердаги бузғунчилик, табиатни асрамаслик даҳшатли фалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб турибмиз. Масалан, сувларнинг ифлосланиши, ҳароратнинг кўтарилиши, атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши ва ҳоказо. Олдинлари бу каби нохуш холатлар кузатилмаган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” Аъроф сураси, 56-оят.

            Аллоҳ таоло Ерни биз бандалари учун яшашга яроқли қилиб қўйди. Ер илк яратилаётган пайтда яшашга яроқли эмасди. Балки у газсимон ҳолда эди. Кейин Роббимиз Ерни яратиб, унинг ҳавосини мусаффо, сувларини чучук, тоғларини қозиқ, босимларини инсон танасига мослаб қўйди.  

Пахриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби