Жамият аъзоларига муносабат

СУВ ИСРОФИ — НЕЪМАТГА НИСБАТАН БЕПАРВОЛИК

СУВ ИСРОФИ — НЕЪМАТГА НИСБАТАН БЕПАРВОЛИК

Сув — ҳаёт манбаи, бебаҳо неъмат ва Яратганнинг инсониятга берган улуғ инъомидир. Аллоҳ таоло Ерни яшаш учун қулай қилиб яратди, унда дарёларни оқизди, булоқларни чиқарди ва инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча неъматларни ато этди. Қуръони каримда сувнинг қадр-қиммати алоҳида таъкидланади: “Сизлар ичаётган сув ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимиз? Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлардик. Бас, нега шукр қилмайсизлар?” (Воқеа сураси, 68–70-оятлар).

Бугунги кунда инсониятнинг энг катта муаммоларидан бири — тоза ичимлик суви танқислиги.

Дунёнинг кўплаб ҳудудларида миллионлаб инсонлар, айниқса ёш болалар, тоза сув етишмаслиги сабабли касалликларга чалинмоқда ва ҳаётдан кўз юмаётгани халқаро ташкилотлар томонидан қайд этиб келинмоқда. Шундай бир пайтда айрим одамларнинг сувни беҳуда оқизиши нафақат иқтисодий зарар, балки маънавий масъулияцизлик ҳамдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон овқациз бир неча ҳафта яшаши мумкин, бироқ сувсиз бир неча кун ҳам яшай олмайди. Инсон танасининг катта қисмини сув ташкил этади. Чақалоқ организмининг қарийб 75 фоизи сувдан иборат. Демак, сув оддий истеъмол маҳсулоти эмас, балки ҳаётнинг ўзидир.

Афсуски, бугунги кунда сувдан фойдаланиш маданияти талаб даражасида эмас. Кўчаларда носоз жўмраклардан сувнинг тинимсиз оқиб ётгани, ҳовлиларни ва йўлларни зарурациз сув билан ювиш, экинларни меъёрсиз суғориш каби ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Энг ачинарлиси, айрим инсонлар бундай исрофни оддий ҳол деб билишади. Аслида эса бу — келажак авлод ҳақига хиёнатдир.

Сувни исроф қилиш диний нуқтаи назардан ҳам қораланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларини кўриб: “Эй Саъд, бу қандай исроф?” — дедилар.

Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” — деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, ҳатто оқар дарё бўйида бўлсанг ҳам.” — дедилар. (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти.)

Бу ҳадис сувни тежаш фақат иқтисодий зарурат эмас, балки диний ва ахлоқий бурч эканини яққол кўрсатади.

Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва сув захираларининг камайиб бориши бугунги куннинг энг жиддий муаммоларидан биридир. Агар биз бугун сувни қадрламасак, эртага унинг танқислиги янада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир фуқаро сувдан оқилона фойдаланиши, уни ифлослантирмаслиги ва фарзандларига ҳам сувни тежаш маданиятини сингдириши зарур.

Сувни тежаш фақат давлат идораларининг эмас, балки ҳар бир инсоннинг шахсий масъулиятидир. Бир томчи сувни тежаш ҳам келажак учун қўшилган улкан ҳиссадир. Неъматнинг қадрига етмаган жамият фаровон келажак қура олмайди.

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукри уларни эъзозлаш ва исроф қилмаслик билан адо этилади. Сувни асраш — табиатни асраш, соғлиқни асраш ва келажакни асраш демакдир. Ҳар биримиз сувнинг қадрига етайлик, уни тежайлик ва бу бебаҳо неъматни кейинги авлодларга соғлом ҳолда етказишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.


Худайбердиев Муҳиббуллоҳ 
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби