Сув – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган энг буюк ва бебаҳо неъматларидан биридир. Ер юзидаги барча тирик мавжудотнинг ҳаёти сув билан боғлиқ. Инсон, ҳайвон ва ўсимликлар сувсиз яшай олмайди. Шу боис сувни асраш, ундан оқилона фойдаланиш ва исроф қилмаслик ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик. Ахир, иймон келтирмайсизларми? », (Анбиё сураси 30 оят) деб марҳамат қилади. Бу ояти карима сувнинг ҳаёт манбаи эканини ва барча тирик мавжудотнинг ҳаёти сув билан боғлиқ эканлигини англатади.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло : “ У осмондан сув тушуриб. У билан сизлар учун ичимлик ҳам, чорва молларингиз ўтлайдиган ўсимликлар ҳам пайдо қилди” (Наҳл сураси 10- оят).
Ислом таълимотида сув поклик ва ибодат воситаси хам дир кўплаб ибодатларнинг қабул бўлиши учун таҳорат лозим. Таҳорат эса сув билан амалга оширилади. Намоз Қурон тиловати каби улуғ ибодатларга таёргарлик сув билан амалга оширилади. Демак сув нафақат ҳаёт балкий маьнавий поклик воситаси ҳамдир. Шунинг учун сувни тежашга алоҳида эътибор берилган. Ҳатто дарё бўйида таҳорат қилаётган инсон ҳам сувни исроф қилмаслиги лозимлиги таъкидланган. Бу эса мусулмон инсон табиат неъматларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши кераклигини англатади.
Сувни исроф қилмастлик тўғрисида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Саьд ибн Абу Ваққос розиаллоҳу анҳу тахорат қилаётганларида сувни кўп ишлатаётганларини кўриб : “Бу исроф нима?”- дедилар. Саьд розиаллоғу анху: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?”- деб сўраганларида, Росулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи васаллам): “ Ҳа, ҳатто оқиб турган дарё ёоқасида бўлса ҳам” деб мархамат қилганлар.
Бугунги кунда дунёда тоза ичимлик суви захираларининг камайиб бораётгани барчани ўйлантирмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш ушбу муаммони янада кучайтирмоқда. Шунинг учун сувни тежаш ва унинг ҳар бир томчисини қадрлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.
Оилада, таълим муассасаларида ва иш жойларида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур. Кранларни очиқ қолдирмаслик, сув қувурларидаги носозликларни ўз вақтида бартараф этиш, ҳовли ва экинларни суғоришда тежамкор усуллардан фойдаланиш орқали сув исрофининг олдини олиш мумкин.
Сувни муҳофаза қилиш – табиатни муҳофаза қилиш демакдир. Табиатга эҳтиром билан муносабатда бўлган инсон келажак авлод учун ҳам муносиб ҳаёт шароитини яратади. Шу боис ҳар биримиз сувни нафақат бугунги кун, балки эртанги кун учун ҳам асраб-авайлашимиз лозим.
Қуйдаги амаллар сувни тежашга хизмат қилади:
· Крандларни очиқ қолдирмастлик.
· Носоз қувирларни ўз вақтида созлаш;
· Тахорат ва ғусулда сувни меёрида ишлатиш;
· Ариқ,дарё ва каналларга чиқинди ва ахлатларни ташламастлик;
· Фарзандларга сувни қадрлаш маданятини ўргатиш;
· Дарахт экиш ва атроф-муҳитни асрашга ҳисса қўшиш.
Хулоса қилиб айтганда, сув – бебаҳо неъмат, ҳаёт манбаи ва келажагимиз гаровидир. Уни қадрлаш, тежаш ва асраш ҳар бир инсоннинг инсоний, ахлоқий ва диний масъулиятидир. Сувнинг ҳар бир томчиси ҳаёт демакдир. Келинг, ушбу бебаҳо неъматни биргаликда асрайлик ва ундан оқилона фойдаланайлик.
Фазлиддин Камолов,
Учқўрғон туман “Абдулҳамид хожи Абдуррахмон ўғли”
жоме масжиди имом хатиби