Инсон ҳаётида шундай неъматлар борки, уларнинг қадри кўз олдимизда бўлгани учун баъзан сезилмай қолади. Ҳаво, соғлик ва сув ана шундай улуғ неъматлардандир. Айниқса, сув — Аллоҳ таолонинг барча мавжудотга бирдек эҳсон қилган раҳматидир. Агар сув бўлмаганида, на инсон яшар эди, на ер кўкариб, на ҳайвонлар ҳаёт кечира олар эди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«﴿وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ﴾
«Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик».(Анбиё сураси, 30-оят).»
Ушбу оят сувнинг фақат бир эҳтиёж эмас, балки бутун ҳаётнинг асоси эканини англатади. Ҳаёт сув билан бошланади, сув билан давом этади ва сувсиз ҳаётнинг ўзи йўқдир.
Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “У Осмондан покловчи сув ёғдирган Зотдир”. (Фурқон сураси, 48-оят).
Демак, сув нафақат тирикчилик манбаи, балки поклик воситаси ҳамдир. Мусулмон инсон кунига бир неча бор таҳорат қилиб, нафақат аъзоларини, балки ибодатга бўлган муҳаббатини ҳам янгилайди. Шу маънода сув инсоннинг жисми билан бирга руҳий ҳаётига ҳам хизмат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувдан фойдаланиш маданиятига жуда катта эътибор берганлар. Ҳатто оқиб турган дарё бўйида таҳорат қилаётган кишини ҳам исрофдан қайтарганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Исроф қилма, ҳатто оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам", дедилар». (Ибн Можа ривояти).»
Бу ҳадис мусулмоннинг табиатга бўлган муносабатини белгилаб беради. Чунки исломда неъматнинг кўплиги уни беҳуда сарфлашга рухсат бермайди. Ҳар бир томчи сув — Аллоҳнинг омонати.
Бугунги кунда сув танқислиги бутун инсоният олдидаги энг катта муаммолардан бирига айланмоқда. Айрим ҳудудларда одамлар бир челак сув учун километрлаб йўл босадилар. Биз эса баъзан кранни очиқ қолдирамиз, машиналарни ортиқча сув билан ювамиз ёки эҳтиёжсиз равишда сувни оқизиб қўямиз. Бу эса шукрнинг эмас, ғафлатнинг белгисидир.
Шукр фақат «Алҳамдулиллаҳ» деб айтиш билан чекланмайди. Неъматни ўз ўрнида ишлатиш, уни асраш ва исроф қилмаслик ҳам шукрнинг амалий кўринишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Энг афзал садақа — сув беришдир”.(Абу Довуд ривояти).”
Шунинг учун мусулмон киши имкони бўлса қудуқ қаздириш, сув иншоотларини барпо этиш, масжидларга сув етказиш ёки чанқаган кишига бир пиёла сув тутиш каби амалларни кичик деб билмайди. Бу амаллар инсон вафотидан кейин ҳам савоби давом этадиган садақаи жория жумласидандир.
Сувга эҳтиром мусулмоннинг ахлоқида ҳам намоён бўлади. У сувни ифлослантирмайди, ариқ ва дарёларга чиқинди ташламайди, табиатни асрашни иймоннинг бир кўриниши деб билади. Чунки ер юзи Аллоҳнинг бандаларига берилган омонатдир.
Ҳар сафар бир қултум муздек сув ичганимизда бир лаҳза ўйлаб кўрайлик: агар Аллоҳ уни шўр қилиб қўйганидачи? Агар булутлар ёмғир олиб келмаганидачи? Агар ер остидан сув чиқмаганидачи? Ана шунда бир томчи сувнинг нақадар буюк неъмат эканини қалбимиз янада чуқурроқ ҳис этади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Айтинг: агар сувингиз ер тубига сингиб кетса, сизларга оқиб турадиган сувни ким келтира олади?» (Мулк сураси, 30-оят).”
Бу оят инсонга ўз ожизлигини ва Раббисига муҳтожлигини эслатади. Биз сувнинг эгаси эмасмиз, балки ундан вақтинча фойдаланувчилармиз. Шунинг учун ҳар бир томчини эҳтиёт қилиш, унга шукр қилиш ва уни эҳсон йўлида сарфлаш мусулмоннинг вазифасидир.
Хулоса қилиб айтганда, сув табиатнинг оддий бойлиги эмас, балки Аллоҳ таолонинг раҳмати, ҳаётнинг томири, ибодатнинг калити ва инсон учун берилган буюк омонатдир. Уни қадрлаш — шукр, уни асраш — масъулият, уни эҳсон қилиш эса садақа ва савобдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз неъматларининг қадрига етадиган, исрофдан сақланадиган ва шукр қилувчи бандаларидан қилсин.
Баҳодирхон Валиханов
Давлатобод тумани бош имом-хатиби,
“Муҳаммад Паноҳ” жоме масжиди имом-хатиби