Таълим тарбия

СОЛИҲ ФАРЗАНД — ОИЛА КЎРКИ, ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

СОЛИҲ ФАРЗАНД — ОИЛА КЎРКИ, ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Инсон ҳаётида фарзанднинг ўрни беқиёсдир. Фарзанд — ота-онанинг қувончи, оиланинг давомчиси, келажакнинг эгаси ва жамиятнинг таянчидир. Аммо фарзанднинг дунёга келиши билан бирга уни одобли, ахлоқли, илмли, имон-эътиқодли ва эл-юртга наф келтирадиган инсон қилиб тарбиялаш масъулияти ҳам бошланади. Зеро, солиҳ фарзанд ота-она учун нафақат бу дунёда қувонч, балки охиратда ҳам савоб манбаи бўлади.

Муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларни ўзларини ва аҳли оилаларини дўзах азобидан сақлашга буюриб шундай марҳамат қилади:  «Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақлангиз!» (Таҳрим сураси, 6-оят мазмуни).

Ушбу оятда ота-оналар зиммасига фарзандларини фақат моддий жиҳатдан таъминлаш эмас, балки уларга тўғри тарбия бериш, ҳалол-ҳаромни ўргатиш, яхши хулқ ва эзгу амалларга йўналтириш вазифаси ҳам юкланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Закариё алайҳиссаломнинг дуоси орқали бизларга фарзандларнинг тарбияси ва келажакда кўзларимизнинг қувончи бўлиши учун қандай дуо қилиш кераклиги таълимини бериб, шундай марҳамат қилади:  «Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ато этгин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан». (Оли Имрон сураси, 38-оят мазмуни).

Бу оят фарзанднинг солиҳ ва покиза бўлишини сўраб дуо қилиш мўминнинг эзгу истакларидан эканини кўрсатади.

Солиҳ фарзанд, аввало, Аллоҳ таолога иймон келтирган, ота-онасини ҳурмат қиладиган, катталарга эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатадиган, ростгўй ва ҳалол инсон бўлади. У ўз манфаатинигина эмас, балки оиласи, маҳалласи ва Ватани манфаатини ҳам ўйлайди.

Солиҳ фарзанднинг муҳим фазилатларидан biri — ота-онага яхшилик қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  «Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди». (Исро сураси, 23-оят мазмуни).

Ота-онага яхшилик қилиш фақат уларнинг хизматини бажариш билан чекланмайди. Уларнинг кўнглини олиш, ширин сўзлаш, дуоларини олиш, кексайганларида ғамхўрлик қилиш ҳам фарзандлик бурчидир.

Солиҳ фарзанд илм олишга интилади, устозларини ҳурмат қилади, одамлар билан яхши муомалада бўлади. У ёлғон, ғийбат, ҳасад, зўравонлик ва бошқаларнинг ҳаққига тажовуз қилиш каби иллатлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади.

Фарзанд тарбияси, аввало, оиладан бошланади. Бола энг аввало ота-онасининг хатти-ҳаракатларидан ўрнак олади. Агар ота-она ростгўй, меҳрибон, ҳалол ва одобли бўлса, фарзанд ҳам шу фазилатларни ўрганиб улғаяди. Шунинг учун ота-оналар фарзандларига насиҳат қилиш билан бирга, ўзлари ҳам яхши намуна кўрсатишлари лозим. Уларнинг таълим-тарбияси, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китоб ўқишга қизиқтириш ва яхши дўстлар танлашига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда ёшларни турли зарарли ғоялар, ёлғон ахборотлар, интернетдаги салбий таъсирлар ва ахлоқий бузуқликлардан асраш ҳам долзарб вазифадир. Бунинг учун фарзандлар билан самимий суҳбатлашиш, уларнинг фикрларини тинглаш, муаммоларига бефарқ бўлмаслик ва тўғри йўл кўрсатиш зарур.

Фарзандга меҳр бериш унинг ҳар бир хатосини маъқуллаш дегани эмас. Аксинча, уни меҳр билан тўғри йўлга бошлаш, хатосини тушунтириш ва яхши амалларга рағбатлантириш ҳақиқий тарбиянинг муҳим белгисидир.

Солиҳ фарзанд нафақат бу дунёда кўз қувончи, балки ота-она вафотидан кейин ҳам у қилган хайрли ва савобли амалларидан ота-она учун давомли савоб бориб туради. Бу тўғрисида ҳадисларда гўзал хабарлар келтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:  «Инсон вафот этса, унинг амаллари уч нарсадан бошқа ҳолатда узилади: садақаи жория, манфаат олинадиган илм ва унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд». (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадис солиҳ фарзанднинг нақадар улуғ неъмат эканини кўрсатади. Фарзанд ота-онаси ҳаётлигида уларга хизмат қилиб, вафотларидан кейин ҳақларига дуо қилиши билан ҳам яхшиликни давом эттиради.

Шу боис ота-оналар фарзандларига фақат мол-мулк ва дунёвий имконият қолдиришни эмас, балки мустаҳкам имон, яхши хулқ, фойдали илм ва эзгу амалларни ҳам мерос қилиб қолдиришга интилмоқлари лозим.

Хулоса қилиб айтганда, солиҳ фарзанд тарбиялаш — ҳар бир ота-онанинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бу йўлда оила, таълим муассасалари ва жамиятнинг ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга. Фарзандларга ёшликдан иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, ватанпарварлик ва инсонпарварлик фазилатларини сингдириш келажак учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Зеро, солиҳ фарзанд — ота-онасининг фахри, оиласининг бахти, жамиятнинг бойлиги ва юртнинг эртанги кунидир. Ҳар бир хонадонда фарзандларимиз солиҳ, илмли, одобли ва эл-юртга манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб вояга етсин. Аллоҳ таоло барчамизга солиҳ фарзандлар насиб этиб, уларни эл-юрт корига ярайдиган, ота-онасининг дуосини оладиган бандалардан қилсин. Омин!

Шуҳратилла Исроилов

Учқўрғон тумани бош имом-хатиби ва

“Саидхон Эшон” жоме масжиди имом-хатиби