Жамият аъзоларига муносабат

СОЛИҲ АМАЛ – ҚАЛБ ЛАЗЗАТИ

СОЛИҲ АМАЛ – ҚАЛБ ЛАЗЗАТИ

Мўмин-мусулмон киши имкон қадар ҳаётининг ҳар лаҳзасини эзгу ва савобли амаллар, хайрли ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи керак. Чунки умр қисқа бўлиб, уни қачон тугаши ва ажал қачон келишини ҳеч ким билмайди. Солиҳ амал – барча турдаги яхши ишларни қилиш, одамларга фойда келтириш, уларга хайру эҳсон қилиш, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрган амалларни пухта ва тўла-тўкис бажариш каби амаллардир. Шундай экан, бу ғанимат умрни қадрига етиб, қўлимиздан келгунича ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, ёрдам бериб, ҳаётлик пайтимизда кўплаб хайрли ва савобли амалларни қилиб, охиратимизга захира қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир” (Мулк сураси 2-оят).

Солиҳ амал қилиш – кишини икки дунёда зафар топиб, ёқимли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97-оят).

Дарҳақиқат, эзгу амал қилувчи солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бой бўлгандаги ҳолати маълум, борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик – қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди. Аммо, эзгу амаллардан узоқ кимсага қийин, у ҳар икки ҳолатда ҳам ғам-ташвишдан холи эмас – камбағаликка сира тоқат қила олмайди, ҳар кўйга кириб бўлса ҳам, бойлик орттириш илинжида жони ҳалак. Агар у бойиб кетса, бойлигини эзгулик ва савоб йўлига сарф этмайди, балки бахиллик ва туғён балосига мубтало бўлиб, турли фойдасиз амаллар билан азиз умрини ўтказади. Бу дунёда бойликни асраш ташвиши, охиратда эса ҳисоб-китоб учун Аллоҳнинг ҳузурида туриши унга машаққат устига машаққатдир. Лекин бой бўлиш билан бирга, имон-эътиқодли, аҳли солиҳ бўлса, нур устига нур бўлади.

Эзгу ва савобли амал қилган кишини жаннатдаги мартабаси баланд бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Кимки у зотга (Аллоҳ ҳузурига) яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана ўшалар учун юксак даражалар, бордир” (Тоҳа сураси 75-оят). 

Шунингдек, динимизда шундай амаллар борки, уларни қилган кишининг мартабаси Аллоҳнинг ҳузурида баланд бўлади. Улар, етимларга ғамхўрлик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш, қийналиб қолган кимсаларни қийинчиликдан қутқариш, қарздорларга қарзини узишда кўмаклашиш, одамларга озор берадиган нарсаларни бартараф қилиш каби ишлардир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашимизга тарғиб қилиб бундай деганлар: “Эй инсонлар, саломни ёйинг, таом едиринг, силаи раҳм қилинг, одамлар ухлаганда тунни ибодат билан ўтказинг­да, жаннатга саломатлик ила кираверинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, мазкур амаллар бизни жаннатга киришимизга ҳам сабаб бўлар экан. Эзгу ва савоб амал қилганларни Аллоҳ таоло гуноҳларини кечириб, ишлари ва аҳволини ўнглайди. 

Шундай экан, солиҳ амаллардан бўлмиш, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни бажариш, ота-онага яхшилик, муҳтож ва қийналиб қолганларга ғамхўрлик қилиш, одамлар билан чиройли муомала ва муносабатда бўлиш, омонатдорлик, кечиримлилик каби солиҳ ва эзгу амалларда бардавом ва собитқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга қилган яхши амалларимизни риё, сумъа ва ужбдан сақлаб, имкон қадар махфий қилишимиз янада улкан савоб ва ажрларга сабабдир. 

Ҳаётимизни ёдга олиб кўрайлик, ҳар биримиз бирор эзгу амал қилганда ёки инсонларнинг бирор мушкулини осон қилганда қалбимизда унитилмас бир лаззатни ҳис қилганмиз, зеро, бу мўминлик белгиларидандир. Бу лаззат туфайли қалбга ажиб ҳотиржамлик киргани, бу енгиллик бир неча кун, хатто узоқ вақт давомида бизни тарк этмаганини сезганмиз. Наҳотки, бу лаззатни ҳаётимизда доимий бўлишини хоҳламаймиз?! Шундай экан, юқорида айтилганларга амал қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир фурсатида эзгу амал ва атрофдагилар билан гўзал мулоқотда бўлайлик.

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме

 масжиди имом-ноиби