Таълим тарбия

СИЛАИ РАҲМ ФАЗИЛАТИ

СИЛАИ РАҲМ ФАЗИЛАТИ

 

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради.

Муқаддас динимизда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз бандаларига шундай меҳрибонки, уларга Ўзининг розилигини фақат ибодат билан эмас,балки инсонлар ўртасидаги муомалаларни холис адо этиш билан ҳам топиш имкониятини берган.

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят).

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин»(Бухорий ва Термизий ривояти).

Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён ўз ривоятида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Роббисидан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи-раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради” – дедилар.

Бу ҳадиси шарифда ҳам инсоннинг Роббисидан қўрқиб, унинг буйруқларини бажарса ва қайтарганларидан қайтса, ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида силаи раҳм қилса умри зиёда қилиниб, ажали орқага сурилади дейилмоқда. Албатта унинг умри зиёда бўлиши ва ажали орқага сурилиши унинг умрига барака берилишидир. Силаии раҳм билан қариндошлар ўртасида меҳр – муҳаббат зиёда бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар: ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин…” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Бундай кишилардан бирор-бир яхшилик кутилмайди, раҳм-шафқат умид қилинмайди. Чунки, ўзининг қариндошларига яхшилик қилмаган киши бегоналардан бутунлай четда бўлади. 

Силаи раҳм деганда қариндошлар билан яқин муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етсаҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

Силаи раҳм қилувчилар билан борди-келди қилиш одатда ўз-ўзидан табий бўлади. Аммо, силаи раҳмнинг фазилатини билмаганидан ёки бепарволигидан салаи-раҳм қилмайдиган қариндош-уруғлар билан силаи-раҳм қилиш осон бўлмайди. Бу ҳолатда аввал айлганидек, ихлос керак бўлади. Шунда савоб кўпаяди. Мусулмон киши қариндошларидан ёмон муомала кўрса ҳам уларга кўз юмиб ёки улардан худди ўзи қилгани каби мурувват кўрмаса ҳам қариндош-уруғчилик ҳаққи учун уларга яхшилик қилиш лозим бўлади. Агар у бундай ҳолатларда қилганига яраша муомала қиладиган бўлса, ўрталарида қариндош-уруғлик ришталари буткул узилиб кетади. Натижада икки томон ҳам гуноҳга мубтало бўлишади.

Силаи-раҳм қилиш керак бўлган қариндош-уруғлар кўп бўлиб, аввало, ака-ука ва опа-сингиллар, амаки-тоға ва амма-холалар сингари яқин қариндошлар ўртасида тез-тез бўлиши керак бўлса, бошқа узоқ қариндошлар билан ҳам вақт-вақти билан бўлиши керак бўлади. Шунинг фарзандлар ота-оналарининг дўстлари силаи-раҳм қилиши ўзига хос фазилатли амал бўлади.

Шуни такидлаш керакки, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари қисқа фурсатда қўшни давлатлар билан қўшничилик ришталари мустаҳкамланиши  албатта бу юртимизда олиб борилаётган ислохотларини бир кўриниши десак хато қилмаган бўламиз

Аброрхўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме 
масжиди имом-хатиби