Жамият аъзоларига муносабат

САВОБИ, АЖРИ ИККИ ДУНЁГА ЕТАРЛИК АМАЛ

САВОБИ, АЖРИ ИККИ ДУНЁГА ЕТАРЛИК АМАЛ

Кўчат экиш ва боғ яратиш нафақат экологик, балки маънавий жиҳатдан ҳам буюк фазилатдир. Бу амал инсоннинг табиатга бўлган ҳурматини намоён қилиб, келажак авлодлар учун яхши муҳит яратишга ҳисса қўшади. Ислом динида ҳам дарахт экиш ва табиатни асраш олий фазилатлардан бири экани таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт экиш фазилати ҳақида шундай деганлар:

“Ким бир дарахт экиб, уни парваришласа, дарахт меваси ҳар ким учун ҳалол бўлади ва бу савоб унга берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, кўчат экиш инсон учун на фақат дунёвий, балки ухровий манфаат келтирадиган амалдир. Дарахтларни парваришлаш нафақат инсонларга, балки ҳайвонлар ва табиатга ҳам фойда келтиради. Кўчат экишнинг замонавий аҳамияти кўп бўлиб булар қуйидагиларни ташкил этади. Кўчатлар ҳавони тозалайди, сув айланишини таъминлайди ва иқлим ўзгаришига қарши туришда муҳим роль ўйнайди. Бир дарахт бир йил давомида ўртача 20 кг карбонат ангидрид газини сўриб олиб, атмосферага кислород чиқаради.

Кўчат экишнинг иқтисодий фойдалари қуйидагиларни ташкил этади. Жумладан мевадор дарахтлар нафақат муҳитни яхшилайди, балки иқтисодий манфаат ҳам келтиради. Дарахтзорлар боғчиликни ривожлантириш орқали аҳолининг даромад манбаини оширишга хизмат қилади.

Кўчат экишнинг инсон саломатлигидаги ўрни кўплаб бўлиб боғлар ва яшил ҳудудлар инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Улар инсоннинг стрессдан халос бўлишига, ором олишига ёрдам беради.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан юртимизда ҳар йили ўтказиладиган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида миллионлаб кўчатлар экилаяпти. Бу ташаббус инсон қадри ва табиатга ҳурмат кўрсатишнинг амалий намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Ҳар бир фуқаро бу ишларга ўз ҳиссасини қўшиши ўзидан боғ қолдиришга ҳаракат қилиши лозимдир

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки кўчат экиш – фазилатли амал, у нафақат атроф-муҳитни яхшилайди, балки келажак авлодлар учун доимий яхшилик мероси сифатида қолади. Бир дарахт экилган ерга ҳаёт, файз ва барака киради. Ҳар биримиз табиатни асраш ва боғ яратишга ўз ҳиссамизни қўшсак, нафақат ўзимиз, балки жамият ва келажак учун ҳам хайрли иш қилган бўламиз.

 

Нурулло Маҳкамов,

Чуст туман “Саид Насимхон тўра” 

жоме масжиди имом-ноиби