Жамият аъзоларига муносабат

САБР ҚАНОАТ- ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

САБР ҚАНОАТ- ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

     Сабр қаноат-инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, хасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: “Ҳакикий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидадир" деб айтдилар. Имом Муслим ривоят қилган бошқа хадисда "Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батахиқ, нажот топибди" деб марҳамат қилдилар.

      Маълумки, яратган Роббимиз барча инсонларни турли ҳил қилиб яратганидек, уларнинг ризку-насибаларини ҳам ҳар ҳил қилиб тақсимлаган. Бу эса инсонлар учун бир имтихон бўлиб, улар ана шу ризққа қаноат қилиб шукрона билан яшашлари лозим эканлигига ишорадир. 

     Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга хирс қўймай, шукр қилиб яшайди.

Пайғамбаримиздан Абдуллох ибн Умар розияллоху анхудан ривоят қилинган хадис куддусийда  Яратган роббимиз айтди: Эй одам фарзанди! Олдингда ўзинга етарли миқдорда неъмат бўлгани холда, туғёнларга тушиб ортиқроқ бўлишини истайсан. На озига қаноат киласан, на кўпидан туймакни биласан. Жон ва молинг омон хасталикдан саломат эканинг, хамда кунлик озиғинг олдингда бўлгани холда тонг оттирсанг, қолган дунёга парво килма.    Сабру каноат борасида . пайғамбаримизнинг хаётлари барчамиз учун катта намунадир. Маълумки, у зот  пайғамбаримиз ўзлари ва оила ахиллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этган эдилар. Бу эса, тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас. Балки оддий, камтарона кун кўришни афзал билганларидан.

  Пайғамбаримиз билан бирга яшашни афзал билиб, охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат килиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлиб ҳаёт кечирганлар.

      Демак, аёллар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларни тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки шукр ва сабру қаноат билан хаёт кечиришлари даркор. Ўтган улуғ зотларнинг солиха аёллари ва қаноатли фарзандлари оталари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: Биз хар қандай қийинчиликка, хатто очликка хам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга харом ризқ олиб келманг! дейишар экан.

      Яқин ўтмишимизга назар солсак халқимиз асосан солиха аёлларимиз шу ўгитга амал қилиб, сабру қаноатда, иффату ҳаёда барча халқларга намуна бўлганлар. Лекин сўнги пайтларда яратган роббимиз неъматларини ҳар томонлама баракотли қилиб қўйган бўлса ҳам, сабру қаноат қилмасдан ношукурлик қилиш, хаддан ошиб туғёнларга бориш ва манманликлар кўпайиб бормокда. Ачинарлиси шундаки. Бу  иллат кишилар ўртасида халолу-харомга, савобу-гунохга беэътибор ва бепарво бўлишга, давлат ва халк мулкига хиёнат қилишга олиб келмокда. Бунинг оқибатида эса жамиятда жиноятчилик, оилавий нотинчликлар ва одамлар ўртасида қарздорликлар кўпайиб, кўпгина  нохушликларга сабаб бўлмокда.

Албатта сабру қаноат деганда  тарки дунё қилиш дегани эмас балки, дунё топиш учун  харом йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, хаддан зиёда хою-хавасларга берилмаслик зарур. Динимиз охиратни деб дунёни тарк килмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради

Яратган роббимиз барчаларимизни сабр-қаноатли бандаларидан қилиб, икки дунё саодатидан бахраманд айласин.

Олимхон Исаков

Уйчи туман бош имом хатиби