Динимиз исломда силаи раҳмга ниҳоят даражада катта эътибор қилинган бўлиб, кўплаб оят ва ҳадисларда силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати такрор-такрор уқтирилади. Мўминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига ҳам алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик иш эканидан далолатдир.
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Кимни Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши қувонтирса, у силаи раҳм қилсин”.
Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ қилиб айтганда, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.
Ҳадиси шарифларида келишича уч кишининг дуоси ижобат бўлмайди: ота-онасига оқ бўлган, фолбинга ишонган ва қавму-қариндошлик ришталарини узган инсонларни.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлари билан алоқани узган киши жаннатга- кирмайди”, дея таъкилдаганлар. Инсон учун силаи раҳм қилишга энг ҳақли киши унинг яқинлари яъни оиласи, ота-онасидир. Ундан кейин ака-ука, опа-сингил, ота ва онанинг қариндоншари ҳам силаи раҳм қилинишига ҳақли бўлган кишилардир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир куни бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб: “Ё Расулаллоҳ, менинг шундай қариндошларим борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан”, - дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар иш сен айтгандек бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан. (Яъни хафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки, ғолиб бўлаяпсан. Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар). Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур”.
Демак, силаи раҳм яхшиликка яхшилик билан, борди-келдига бориш билан жавоб қайтариш эмас, балки, ёмонлик кўрилса ҳам, жафо кўрилса ҳам қариндошларга яхшилик қилиш, эътиборсизлик қилаётган қариндошга ҳам эътибор бўлар экан.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, ҳақиқий силаи раҳм қилувчи деб мукофотлагувчини айтилмайди. Яъни бир қариндоши қайсидир яхшилиги учун яхшилик билан жавоб қайтариш, ёки меҳмонга чақиргани учун меҳмонга чақириш бу силаи раҳм эмас, балки, мукофотлаш, яхшилигини қайтариш бўлади. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи инсон, гарчи қариндоши у билан алоқани узса ҳам силаи раҳм қилади.
Шунинг учун қариндоилик ришталарини асраб-авайлаш, яқинларга хуш муомалада бўлиш, уларнинг яхши ва ёмон кунларида ёнида бўлишликни асло унутмаслик зарур.
Исмоил Абдурахмаров,
Наманган шахар “Шодибек” жоме
масжиди имом ноиби