• Home
  • Рамазон 2025
  • РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ РАМАЗОНДАГИ ХАЙР-САХОВАТЛАРИ.
Рамазон 2025

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ РАМАЗОНДАГИ ХАЙР-САХОВАТЛАРИ.

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ РАМАЗОНДАГИ ХАЙР-САХОВАТЛАРИ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта саховатли, инфоқ қилувчи, олийжаноб, очиққўл ҳамда кўп садақа берувчи, хушфеъл, ёрдам сўраб келганларга ёрдамлари-ю кўмакларини аямайдиган киши эдилар. У зот бирор муҳтож ё тиланчи ёки бечора инсонларнинг эҳтиёжларини раво қилмай қўймас эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларидаги бирор таом ёки ичимлик ё матонинг тугаб қолишидан ҳам қўрқмас эдилар. Шубҳасиз, барча нарсаларни ҳадя ва ёрдам тариқасида бериб юборардилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай ахлоқлари, яъни ўзаро ҳамдардликлари, қўллаб-қувватлашлари, меҳрибонликлари, ўзгалардан ҳол сўрашлари, биродарлик ва меҳр-мурувватлари доимо у зотда  мужассам эди.

У зот бирор кун дунё неъматлари-ю зийнатларини ушлаб турмаганлар. Бирор кун ҳам мол-дунё ёки бойликка алданиб қолмаганлар. Мол-дунё борасида ўзларини эҳтиёт қилар, зеб-зийнат, ҳашамат ва дабдаба ичра ҳаёт кечиришдан узоқ бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунёнинг тиллалари-ю, неъматлари таклиф қилинганда барчасидан юз ўгирдилар. Қўйингки, у зот Роббиларидан узоқлаштирадиган ҳар қандай нарсадан четда бўлдилар. Мушриклар у кишига мансаб, подшоҳлик ҳамда салтанат таклиф қилганларида у зот нақадар қаттиқ рад этганлар ва бу нарсалардан йироқ бўлганлар. Расули акрам камбағалларни яхши кўрар ва улар билан аралашиб юрар эдилар. Мискинлар билан бирга яшаб, уларни қўллаб-қувватлардилар.Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг барчаси мана шундай хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, бировларга қайғуриш, очиққўллик, саховатпарварлик, ўзгаларга жонини аямаслик ҳамда ёрдам бериш ила ўтган.

У зот алайҳиссаломнинг шундай гўзал хислатлари Рамазон ойида яна ҳам ортиқ ва зиёда бўларди. Очиққўллик, саховатпешалик ва хайр-эҳсон қилишда порлаб турган юлдуз эдилар. У киши буюрилган ибодатларнинг барчасини кўп адо қилардилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида у зот билан Қуръон ўқир эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Жаброил алайҳиссалом йўлиққанларида эса яхшилик қилишда эсаётган шамолдан кўра ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. У зот одамларнинг энг саховатпешаси эдилар. Рамазонда бўладиган саховатлари кўпроқ садақа ва хайр-эҳсонлар орқали бўларди. Бирор ҳожатмандни қайтармас ва бирор бир нарсага буткул бахиллик қилмас эдилар. Шунингдек, у зот Қуръоннинг тиловати билан кўп машғул бўлар, кўп намоз ўқир, кўп зикр қилар ва кўп эътикоф ўтирар эдилар. Рамазон ойини бошқа ойларга нисбатан ибодатга кўпроқ хослар эдилар. У зот ҳақларидаги очиққўллик, сахийлик, хайр-эҳсон қилиш, бирор амални холис бажариш, Аллоҳни кўп зикр этиш, дуо қилиш, бировларга яхшилик улашишлари-ю, қўллаб-қувватлашларининг барчасини Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтган гаплари ҳам тасдиқлайди. Ибн Аббос: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг Рамазон ойидаги энг сахийликлари Жаброил у кишига йўлиққан пайтда бўларди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойи тугагунича ҳар кеча учрашар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса у зотга Қуръон ўқиб берар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у кишига йўлиққанида яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар», дедилар. 

Зубайр ибн Мунир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшилик қилишда очиққўл бўлишлари бежизга эсадиган шамолга ўхшатилмаган. Бу ердаги шамолдан мурод Аллоҳ таоло ўлигу-тирик ерлардан Ўзининг яхши неъматларини чиқаришга сабаб бўладиган умумий ёмғирни ёғдириш учун юборадиган раҳмат шамолидир», деганлар.

 

Паҳриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби