Рамазон 2026

РАМАЗОН – ХАЙРУ-САХОВАТ ОЙИ

РАМАЗОН – ХАЙРУ-САХОВАТ ОЙИ

Халқимизнинг урф-одатларига сингиб кетган Рамазон инсонни эзгукликка чақиради, яхшилик қилишга ундайди ва инсонни руҳан поклайди.

Муборак Рамазон ойда ҳар бир мусулмон киши ота-оналарини зиёрат қилади, беморлар, қавм-қариндошлар ва бева-бечоралар ахволларидан хабар оладилар. Имкони борича ҳаммага яхшилик қилиб, ўзининг меҳрини улардан аямайди. Бу ойда бирор сабаб билан аразлашган, гина-қудратли таниш-билишлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Зеро, кечиримли, меҳр-шафқатли ва саховатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун лозимдир. 

  Ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойи шарафли ва муқаддас ойдир. Бу ойда қилинган ҳар бир яхши амал, хайр-эҳсон қилиш, инсонларга ёрдам бериш ва ибодат билан ўтқазишнинг бошқа ойларда кўра савоби кўпроқ бўлади. 

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Мен учундир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир» (Имом Бухорий).

Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.

Рамазондаги хайр-саховат ишлари турли кўринишда қилиниши мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий томондан ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш мумкин. Ёки кишилар ҳожати тушадиган нарсалар, масалан, кўчаларни асфалт қилиш, кўприк ва керакли биноларни қуриш, қайта таъмирлаш ишлари ҳам саховатпеша инсонлар томонидан амалга оширилади. Бу ишлар йил бўйи қилиниши яхши. Аммо муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим саналади.

Моддий тарафдан қодир бўлган бой-бадавлат, айни пайтда сахий, қўли очиқ кишилар меҳр-саховат кўрсатиш билан қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайдилар. 

Яхшилик кўрганлар асосан уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, моддий нарсалар тезда эсдан чиқиши мумкин, бироқ бир калима ширин сўз ва илиқ табассум хотираларда йиллар давомида сақланиб қолади. Шу маънода моддий жиҳатдан қодир бўлганлар хайр-саховат ишларини ўз ўрнида қилганлари ҳам яхши. Аммо асосийси бу ойда бир-бирига меҳр кўрсатиш, ўксиган кўнгилларга умид бағишлаш, уларни хурсанд қилиш, ноумид қалбларга ишонч ва қувонч олиб киришдир.

Миржаҳон Мирадхамов,
Янгиқўрғон тумани “Бекабод” жоме 
масжиди имом-хатиби