Рамазон 2026

РАМАЗОН САХОВАТ ОЙИ.

РАМАЗОН САХОВАТ ОЙИ.

Муборак Рамазон ойи Юртимиз бўйлаб ўзининг баракотини таратмоқда Шу муносабати билан Мухтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.  Мазкур ҳужжат юртимизда эзгулик, бирдамлик ва саховат тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўшимча қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ойларнинг султони саналмиш Рамазон ойида бундай эзгу амаллар ҳажми янада кенгаяди. Кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган инсонлар, ота-она меҳридан бебаҳра қолганлар ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар қамрови янада ортади.

Ушбу ойда халқимизнинг меҳр-мурувват, оқибат ва саховат, ўзгаларга кўмак қўлини узатиш, йиғилганни суяш каби фазилатлари ҳар доимгидан-да кенгроқ намоён бўлади. Бу Президентимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсатига ғоят ҳамоҳангдир.

Юртимизда мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида рўза амалларини бажариши учун барча шароитлар яратилди. Масжидларимиз обод бўлиб, юртдошларимиз хотиржамликда ўз ибодатларини адо этмоқдалар.

Яратганга шукрки, юртимизда барча соҳа қатори диний-маърифий жабҳада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, эмин-эркин ибодат қилиш учун кенг имкониятлар берилаётгани, масжид-мадрасалар обод қилинаётгани, ҳаж-умра қилувчилар сони ошаётгани мўмин-мусулмонларни бирдай қувонтирмоқда.

Юртбошимиз томонидан Рамазон ойининг кириб келишига, рамазон ва қурбон ҳайитларига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам ҳамюртларимизнинг бу ойни янада кўтаринки кайфиятда, чин ихлос ва ўзгача тайёргарлик ила кутиб олишларига сабаб бўлмоқда.

Рамазон ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ойдир. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Бу ойда қилинадиган фазилатли амаллар жуда ҳам кўп. Инсонларга саховат, хайр-эҳсон қилиш эса ана шу фазилатли амалларнинг кўзга кўринганларидан ҳисобланади. Рамазон ойида янада кўпроқ хайр-саховат қилиш, садақалар бериш ҳамда яхшиликлар қилишга сабаб бўлувчи бир неча омиллар мавжуд: Аллоҳ таоло Оли имрон сураси 92-оятда айтадики: “Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз”.  Демак, Аллоҳ таолонинг ризолигини топиб жаннатга кириш учун хайр саховат қилмоқлигимиз лозим экан.  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар«Энг афзал садақа Рамазондаги садақадир». «Рамазон ойида нафақа қилишда хурсанд бўлинглар. Чунки у ойдаги нафақа худди Аллоҳ йўлида инфоқ қилган кабидир». Рамазон ойида қилинган садақа энг яхши садақадир. Шунинг учун ҳам кам таъминланган оилаларга Рамазон қувончи ва сурурини олиб кириш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Аллоҳ таоло ушбу ойни барчамизга муборак қилсин ва юртимиздаги тинчлик ва омонликни, халқимиз томонидан амалга оширилаётган барча хайрли ишларимизни баракотли қилсин.

Юсупов Пахриддин

Наманган туман бош имом хатиби.