Рамазон 2026

РАМАЗОН – САБР, РАҲМАТ ВА УЙҒОНИШ ОЙИДИР

РАМАЗОН – САБР, РАҲМАТ ВА УЙҒОНИШ ОЙИДИР

Рамазон – бу шунчаки ой эмас. У қалбни тарбиялайдиган мактаб, руҳни поклайдиган мавсум, инсонни инсон қиладиган улуғ бир неъматдир. Бу ойда нафақат тана очликни ҳис қилади, балки қалб ҳам уйғонади. Очлик орқали бой камбағалнинг аҳволини тушунади, тўқлик ичра яшаб келган кўнгил муҳтожнинг кўзидаги мунгни кўра бошлайди. Рамазон – сабр ойидир. Сабр эса иймоннинг ярми, деган ҳикмат бежиз эмас.

Рамазон келиши билан осмон эшиклари очилади, раҳмат ёмғири ёғади. Ҳар бир тонг саҳарлик билан бошланади – бу оддий нонушта эмас, бу барака. Ҳар бир ифтор эса шунчаки таом эмас – бу шукр ва қаноат дарсидир. Кун бўйи чанқоқлик ва очликни енгиб, кечқурун бир қултум сув билан ифтор қилган банда, аслида, сабрнинг лаззатини тотади.

Бу муборак ойда ҳар бир хонадон кичик бир мадраса, ҳар бир қалб кичик бир масжидга айланиши лозим. Ота-оналар фарзандлари билан бирга Қуръон тиловат қилсинлар. Ҳар куни бир оят устида тафаккур қилинсин. Чунки Қуръон – Рамазон ойининг энг улуғ меҳмонидир. Унинг нури тушган уйда барака, хотиржамлик ва меҳр зиёда бўлади.

Тунги намозлар — қиём ва таровеҳ — мўмин қалбнинг сукунатли нидосидир. Тун қоронғусида саждага бош қўйган банда, дунёнинг шовқинидан узоқлашади, Парвардигорига яқинлашади. Ана шу лаҳзаларда кўздан ёш оқади, қалб юмшайди, тавба эшиклари очилади.

Рамазон – саховат ойидир. Рўзадорларга ифторлик бериш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, мискинларнинг ҳолидан хабар олиш – бу ойда савоби беҳисоб амаллардандир. Бир дона хурмо, бир пиёла сув ҳам катта эҳсон бўлиши мумкин. Муҳими – ихлос.

Шунингдек, бу ой қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ойидир. Узоқлашган кўнгиллар яқинлашсин, аразлар унутилсин, қалблар ярашсин. Зеро, силаи раҳм – умрни узайтирувчи ва ризқни кенгайтирувчи амалдир.

Рамазон – ўзини ислоҳ қилиш фаслидир. Ғийбатдан тийилиш, тилни ёмон сўздан асраш, кўзни ҳаромдан сақлаш, қалбни ҳасаддан поклаш – мана ҳақиқий рўза. Фақат оч қолиш эмас, балки гуноҳлардан узоқ туриш – асл мақсад шудир.

Масжидларда эътикоф қилган, зикр ҳалқаларида ўтирган, Пайғамбаримиз  нинг сийратларини, саҳобалар, тобеинлар ва улуғ имомларнинг ҳаётини ўқиган инсон қалбида улкан ўзгаришлар юз беради. Чунки солиҳлар ҳаёти – тирик ибратдир.

Аммо Рамазон фақат ўзимиз учун эмас. Дунёнинг турли бурчакларида дард чекаётган биродарларимиз бор. Қийинчилик, уруш, қашшоқлик ёки касаллик билан курашаётган мусулмонлар бор. Уларни дуо ва ёрдамларимизда унутмайлик. Қалбимиз тораймасин, аксинча, раҳмат билан кенгайсин.

Эй Аллоҳ! Бизни Рамазонга етказганинг учун ҳамд бўлсин. Бизни бу ойда рўза тутишга, тунларни ибодат билан ўтказишга, қариндошлик ришталарини боғлашга муваффақ қилгин. Бизни Рамазоннинг охирида мағфират топган, гуноҳлари кечирилган, жаҳаннамдан озод этилган бандаларингдан қилгин.

Субҳаналлоҳ! Алҳамдулиллаҳ!

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин.

 

Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби