Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.
Рамазон ойларнинг султонидир. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».
Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир.
Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «Мағфират кунлари» ҳисобланади. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Рамазон истиғфор ойидир. Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Рамазон тақво ойи. Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган. Шунингдек, Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойи ҳамдир. Яна шуниси билан аҳамиятлики, Рамазон сабр-бардош ойи ҳамдир.
Рамазон ризқ-рўзларга барака бериладиган ойдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади.
Рамазон саломатлик ойи ҳамдир. Чунки қадимда ҳам, ҳозирда ҳам очлик билан даволаш муолажалари табиблар ўртасида энг кенг тарқалган даволаш услубларидан бири ҳисобланади. Уни айтаверсак, Рамазонинг фазилати тугамайди.Яна бир эътиборли жиҳатлардан бири Ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминларган оилалар ҳамда “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, ва “Саҳоват” уйларига моддий ёрдам кўрсатиш, байрам совғалари беришнинг ҳам аҳамияти катта. Мана шундай муборак кунларда яқинларимиз холидан хабар олайлик, рамазонда бирбиримизга эхсонлар улашайлик.
Хурматали Нортиллаев,
Чуст туман “Эшон Сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби