Рамазон 2025

РАМАЗОН ОЙИНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК!

РАМАЗОН ОЙИНИ ҒАНИМАТ БИЛАЙЛИК!

Рамазон ойи – барча мусулмонлар учун энг улуғ ва муқаддас ойдир. Бу ойда Аллоҳ таоло инсонларга катта имкониятлар беради, гуноҳларни мағфират қилади ва савобларни бир неча баробарга кўпайтиради. Шундай экан, ҳар бир мусулмон бу ойни ғанимат билиб, улуғ фазилатлардан баҳраманд бўлиши лозим.

Рамазон – мағфират ойидир

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки имон ва савоб умидида (савобини фақат Аллоҳдан умид қилиб) билан Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”. (Бухорий, Муслим)

Бу ҳадисдан англашиладики, Рамазон рўзасини ихлос ва иймон билан тутган киши учун Аллоҳ таоло барча кичик гуноҳларини кечиради.

Қуръон нозил бўлган ой

Рамазон ойи – инсонларни ҳақ йўлга бошловчи ва маънавий нур бўлган Қуръони Карим нозил қилинган ойдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту ­фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир. (Бақара, 185)

Шунинг учун ҳам бу ойда Қуръон тиловатига кўпроқ эътибор бериш, уни ўқиш ва тадаббур қилиш ҳар бир мусулмон учун муҳим вазифадир.

Савоблар кўпайтириладиган ой

Рамазон ойида қилинган ҳар бир яхши амал учун савоб бир неча баробарга кўпайтирилади. Хусусан, рўза тутиш, садақа бериш, таровеҳ намозларини ўқиш, дуо қилиш ва зикр айтиш катта ажр-савобларга сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Инсоннинг ҳар бир яхши амалининг савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилади. Лекин рўза бундан мустасно. Чунки рўза Мен учун ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман дейди Аллоҳ таоло”. (Бухорий, Муслим)

Лайлатул Қадр – минг ойдан афзал кеча

Рамазон ойининг энг улуғ фазилатларидан бири – Лайлатул Қадр кечасидир. Бу кечада ибодат қилиш минг ой (83 йил) ибодат қилишдан афзал ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқ”. (Қадр, 3)

Шунинг учун ҳар бир мусулмон Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида ибодатга янада қаттиқроқ чуқур берилиши, кўпроқ намоз ўқиб, дуолар қилишга ҳаракат қилиши керак.

Рамазонни ғанимат билиш учун нималар қилиш керак?

 1. Рўзани ихлос ва сидқ билан тутиш – рўзанинг фазилатлари ҳақида тафаккур қилиш ва уни сидқидилдан адо этиш.

 2. Қуръон ўқиш ва тадаббур қилиш – ҳар куни маълум бир қисмини ўқиш ва маъносини тушуниш.

 3. Кўпроқ дуо қилиш ва тавба-истиғфор айтиш – Аллоҳдан гуноҳларимиз кечирилишини сўраш.

 4. Таровеҳ намозини ўқиш – бу Рамазон ойининг муҳим ибодатларидан бири.

 5. Садақа бериш ва эҳсон қилиш – муҳтожларга ёрдам бериш ва савобини Аллоҳдан умид қилиш.

 6. Лайлатул Қадрни қидириш – оҳирги ўн кунлик кунларни ғанимат билиш, ҳар кечадан қидириш ва ибодатни кўпайтириш.

Хулоса

Рамазон ойи – тақводорлик, сабр, итоат ва маънавий покланиш ойидир. Бу ойни беҳуда ўтказиб юбормаслик, ҳар бир лаҳзасини ибодат ва эзгу амаллар билан бойитиш жуда муҳим. Чунки Рамазон ҳар йили келади, лекин ҳар биримиз учун ундан тўлиқ фойдаланиш имконияти ҳар доим ҳам такрорланмаслиги мумкин. Шунинг учун бу муборак ойни ғанимат билиб, унда имкон қадар кўпроқ савоб йиғишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни бу улуғ ойнинг баракотларидан баҳраманд қилсин!

Исломжон Ҳамидов,
Наманган шаҳар "Боқи Мирзо" жоме 
масжиди имом-ноиби