Яқинда бир киши қўшнисидан қаттиқ азият чекаётгани ҳақида арз қилди. Айтишича, ён қишлоқдан арзонга ер олган. Аммо нега арзонлигини суриштирмаган. Кейин билса, бир қўшниси нобопроқ экан. Унга яхши гапирса, ёлворса ҳам, ҳеч нарсага кўнмасмиш.
Ҳатто: «Эртага жанозамиз ёки тўй қилишимиз, бир-биримиз билан учрашувимиз бор», деса, «Керакмас, тўйингга ҳам айтма, жанозангга ҳам чиқмайман», дер экан. «Олманинг тагига олма тушади» деганидай, ўғиллари ҳам ўзига ўхшаган бадхулқ дейди. Буни эшитиб, «Ҳовли олма, қўшни ол», деган нақл нақадар ҳақ гап эканига такрор амин бўлдим.
Яна бир воқеа. Ўтган йили бир онахоннинг жанозасига айтилдик. Борсак, тумонат одам. Ҳамма онахонни алқаб дуо қилгани келган. Кейин бунинг сабабига қизиқдик. Онахон шифокор бўлиб, қўшнисию бутун қишлоққа доим беминнат хизмат қилган, одамларнинг пули бор-йўқлигига қарамаганини айтишди. Ҳатто фарзандларига беморлар учун зарур дори-дармонларни олиб келтириб қўяркан. Шу зайлда бу дунёдан ўтгунча — 85 ёшгача одамлар дарди билан яшабди раҳматли. Биз ҳам онахонни астойдил дуо қилдик.
Афсуски, бугун орамизда фақат ўзини ўйлаб, ён қўшни ва маҳалладагиларга озор бераётган инсонлар ҳам учраб туради. Динимиз эса қўшничилик қилишнинг тартиб-қоида, ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлаб, уларга яхши муносабатда бўлишга буюради. Шу ҳақда бундай ҳадис келади:
«Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Қўшнингнинг ҳаққи нима эканини биласизми? Агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш; қарз сўраса, қарз бериш; фақир (муҳтож) бўлиб қолса, егулик бериш; касал бўлса, бориб кўриш; унга яхшилик етса, қутлаш; мусибат етса, таскин бериш; вафот этса, жанозасида иштирок этиш; унинг изнисиз ўз уйини баланд қилиб қурмаслик; қозонда қовурилаётган гўшт ҳиди билан озор бермаслик (гўштдан унга ҳам бериш)...» деб марҳамат қилдилар» (Имом Ҳароитий ва Имом Табароний ривояти).
Бугун биз ҳадисда зикр этилганларнинг қай бирини дунёнириб [аслида: тўла-тўкис / амалда] адо этяпмиз?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!» (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ривоятга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди, Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди, Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?» дейилди. У зот: «Қўшниси унинг ёмонлигидан омон бўлмаган киши», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Мазкур ҳадисда қўшнига озор бермаслик кишининг Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирганига далолат қилиши таъкидланмоқда.
Аслида имкон қадар қўшнидан ёрдамни аямаслик, ҳадялашиш, хурсандчилигига ҳам, ғам-ташвишига ҳам шерик бўлиш — катта савоб. Ёмон муносабатда бўлиш ва озор бериш — гуноҳ!
Ҳадисларда қўшнига азият етказиш сабабли нафл намоз ва нафл рўзалар савоби кетиши таъкидланади. Аксинча, улар билан тинч-тотув яшаш, озор бермаслик эса жаннатга киришга асос бўлиши айтилади.
Қўшнидан етадиган азиятга сабрли бўлиш ҳам кишининг олийжаноблигидан. Бу ҳақда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Чиройли қўшничилик фақатгина азият бермаслик эмас, балки (қўшнидан етадиган) азиятга сабр қилишдадир», деганлар.
Ушбу хабарлардан қўшнилар билан муомалани гўзал қилиш ва озор бермаслик вожиб амал экани маълум бўлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 10-сонидан
Акмалхон АҲМЕДОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби ўринбосари