Таълим тарбия

ҚЎШНИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ АЛЛОҲГА ВА ҚИЁМАТ КУНИГА ИМОН КЕЛТИРГАН КИШИНИНГ СИФАТИДИР

ҚЎШНИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ АЛЛОҲГА ВА ҚИЁМАТ КУНИГА ИМОН КЕЛТИРГАН КИШИНИНГ СИФАТИДИР

Нисо сурасидаги ояти Каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда; Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мимскинларга яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошидаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар”, деган.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят  қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳнинг хузурида  дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг хузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисигша яхшилик қилганидир”, деганлар.

Абу Бакр ал-Барроз Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят  қилган ҳадисда   Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларни айтадилар:  “Қўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Иккита ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир.  энди битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни  эса, мусулмон қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндош ва қўшнилик ҳаққлари бордир”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят  қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар”.   Тўртовлари ривоят қилган.

Демак, Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик, мурувват қилиш тўғрисида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаганлар эканки, гап шундай тарзда давом этадиган бўлса, меросингниям қўшнинг олади, деб қолармикан, деб ўйлаган эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!” дедилар. “Ким? Эй Аллоҳнинг Расули!” деди  “Қўшниси уни ёмонлигидан омонда бўлмаган киши”, дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида қўй сўйилди. Бас, у киши: “Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдиларингми?  Мен  Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни мреросга ҳам шерик  қилармикан, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман” , деди”.

Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

 Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга имон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан. Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни дафъ қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди ва эҳсон қилинади. Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади. Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигини табриклаш, уй қурганда деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам қўшиничилик ҳақларидан ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. Бояги кишилар: «Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

Биз ҳам худди ҳадисга мувофиқ қўшниларнинг энг яхшиси бўлишликка харакат қилмоқлигимиз ва яхши қўшни бўлмоқлигимиз лозим бўлади.

 

Аброрхўжа Рашидов,

 Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби