Жамият аъзоларига муносабат

ҚАЛБИ ҚАТТИҚ САВДОГАР ЁКИ ИНСОННИНГ ҲАҚИҚИЙ ҚИЙМАТИ

ҚАЛБИ ҚАТТИҚ САВДОГАР ЁКИ ИНСОННИНГ ҲАҚИҚИЙ ҚИЙМАТИ

Инсонни бойлиги, мансаби ёки ташқи кўриниши эмас, балки унинг қалби баҳолайди. Қалб тирик бўлса, инсонда раҳм-шафқат, инсоф, миннатдорлик ва меҳр-оқибат яшайди. Аммо қалб қотса, у энг ваҳший ҳайвондан ҳам хавфлироқ бўлиб қолади. Чунки ҳайвон табиати билан ҳаракат қилса, қалби қотган инсон онгли равишда зулм қилади.

Ибратли ривоят

Қадим замонда қалбининг шафқатсизлиги билан ном чиқарган бир савдогар яшаган экан. Унинг бир даҳшатли одати бор эди: ҳар йили бозордан бир қул сотиб олар, унга бир йил давомида энг оғир ва машаққатли ишларини қилдириб, кейин эса ундан шафқатсизларча қутиларди.

У қулни на сотар, на озод қилар ва на бошқа бировга топширарди. Аксинча, уни ўзининг ваҳший итларига тириклайин ташларди. Бу ҳам етмаганидек, қулни итларга ташлашдан бир неча кун олдин жонворларни атайлаб оч қолдирарди. Очликдан жунбушга келган ҳайвонлар бечора инсонга ташланганида, савдогар бу манзарани роҳатланиб томоша қилар ва дўстларини ҳам чақириб, ўз шафқатсизлигини гўё бир «ғалаба» каби намойиш этарди.

Унинг бундай қилишига сабаб — қуллари сир-асрорларини билиб олиб, бир куни ҳақиқатни фош қилишидан қўрқиши эди. Шу боис ҳар йили янги қул, ҳар йили янги қурбон...

Бир куни савдогар зеҳни ўткир, одоби гўзал ва ақлли бир қулни сотиб олди. Қул бир йил давомида виждон билан хизмат қилди. Бирор марта шикоят қилмади, хиёнат қилмади, буйруқдан бош тортмади. Аммо у ҳам ўзидан аввалгилар каби бир йил тугагач, ўзини ўлим кутаётганини яхши биларди.

Ниҳоят, ўша машъум кун етиб келди.

Савдогар одатига кўра итларни бир неча кун оч қолдириб, дўстларини йиғди ва навбатдаги қонли томошани бошлашга шайланди. Қулни майдонга чиқаришди, итларнинг занжирлари ечилди...

Лекин кутилмаган ҳодиса юз берди!

Очликдан қутуриши керак бўлган итлар қулга ташланмади. Аксинча, унинг атрофида думини ликкиллатиб айлана бошлади. Бири оёғига суянди, бири қўлини ялади, яна бири эркаланиб ёнига ётди. Орадан кўп ўтмай, улар худди ўз эгасини топгандай, қулнинг олдида тинчланиб ухлаб қолишди.

Бу манзарани кўрган савдогарнинг ақли шошди: — Бу қандай бўлиши мумкин? Бир неча кундан бери оч қолган ваҳший итларим сени нега парчаламади? — деди ҳайрат билан.

Қул хотиржам жавоб берди: — Мен сизга бир йил хизмат қилдим. Лекин хизматимнинг мукофоти сифатида мени ўлимга маҳкум этдингиз. Сўнгги икки ойда эса ҳар куни итларингизга меҳр кўрсатдим, овқат бериб, парвариш қилдим. Уларга раҳм қилдим. Ана энди оч бўлсалар-да, улар яхшиликни унутмадилар. Чунки ҳайвон ҳам меҳрни танир экан...

Бу жавоб йиғилганларнинг юрагини ларзага солди.

Ҳайвон яхшиликни унутмади, инсон-чи?

Ушбу ҳикоя жуда чуқур маънони мужассам этади. Яхшиликни тан олиш, унга яхшилик билан жавоб қайтариш — соғлом фитрат ва юксак ахлоқ белгисидир. Ҳатто ҳайвон ҳам ўзига меҳр кўрсатган инсонни танийди ва унга вафо қилади.

Аммо, минг афсуски, баъзи инсонлар борки, уларга қанча яхшилик қилинмасин, қанча меҳр берилмасин, барибир яхшиликни унутади. Ҳатто ўзига ёрдам берган, оғир кунида елкадош бўлган инсонларга қарши чиқишдан ҳам тап тортмайди. Бу эса қалбнинг қотганидан, виждоннинг сўнганидан далолатдир.

Яхшиликни инкор қилиш — энг оғир маънавий касалликлардан биридир. Жамиятимизда учрайдиган баъзи ҳолатлар шундан далолат беради:

Ота-онасининг фидокорона меҳнатини унутган фарзанд;

Устозининг ҳаққи ва меҳнатини тан олмайдиган шогирд;

Элининг неъматларидан баҳраманд бўлиб, кейин ўша элга қарши чиқадиган кимсалар;

Ходимларининг меҳнатини қадрламай, уларни ҳимоя қилиш ўрнига бефарқ бўлган бошлиқлар;

Дўстининг яхшилигини унутиб, ўз манфаати учун уни сотадиган инсонлар...

Аслида миннатдорлик инсонни юксалтиради, ношукурлик эса уни тубанлаштиради.

Қалбни қотирувчи иллатлар

Қалб бир кунда қотиб қолмайди. Уни кибр, ҳасад, манманлик, нафсга қуллик, ҳирс ва ношукурлик каби иллатлар аста-секин қаттиқлаштиради. Қалби қотган инсон бошқаларнинг дардини ҳис қилмайди. Ўз манфаати йўлида ҳар қандай зулмни оқлашга тайёр бўлади. Унинг наздида инсон қадри эмас, фақат шахсий фойда муҳим бўлиб қолади.

Хулоса

Инсонни инсон қилиб турадиган нарса — унинг тирик қалбидир. Қалб тирик бўлса, яхшилик унутилмайди, меҳр қадрланади, вафо эъзозланади.

Қалб қотса, инсон ҳайвондан ҳам тубанлашиши мумкин. Чунки ҳайвон табиатидан келиб чиқиб ҳаракат қилади, инсон эса ақл ва виждон берилган бўлса-да, зулмни танлайди.

Шунинг учун ҳар биримиз ўз қалбимизга назар солайлик, бизга қилинган яхшиликларни эслаб, миннатдор бўлайлик. Чунки яхшиликни қадрлай олган қалб — Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан биридир.

Унутмайлик: баъзан инсон унутган яхшиликни ҳайвон ҳам унутмайди. Демак, яхшиликни инкор қилиш шунчаки ожизлик эмас, балки қалбнинг ўлганидан далолатдир.

Абдураззоқ Бозоров,
Тўрақўрғон тумани “Куюкмозор” жоме 
масжиди имом-ноиби