Таълим тарбия

ОТА ВА ОНАЛИК МАСЪУЛИЯТИ

ОТА ВА ОНАЛИК МАСЪУЛИЯТИ

Оила қуриб, ота-оналик бахтига мушарраф бўлиш жараёни айни пайтда эркак ва аёл зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Мутахассисларнинг фикрича, масъулиятли ота-оналик — бу фарзандни нафақат моддий таъминлаш, балки унинг жисмоний, ақлий, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишида онгли ва изчил иштирок этишни англатади. Бу жараён ота-онанинг бола эҳтиёжларини тўғри тушуниши, эмоционал қўллаб-қувватлаши, интизом ва меҳрни мувозанатда сақлаши, ҳамкорликдаги тарбияда фаол қатнашиши орқали намоён бўлади. 

Масъулиятли ота-оналик мезонлари ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги онгли иштироки, мажбуриятлари, мулоқот маданияти ва шахсий намунаси каби жиҳатлардан иборатдир. Масъулиятли ота-онанинг феъл-атвори — боланинг ривожланиши, бахтли бўлиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминловчи асосий омил. Ушбу мезонлар ота-онанинг ўзини баҳолаши, тарбиявий курслар ва давлат сиёсатини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлади. 

Болалар — оила ва жамиятнинг кўзгусидир. Болаларнинг ёш қалбига ҳамма нарсадан кўра ўрнак кўрсатиш кучли таъсир этади, ота-оналарнинг кўрсатадиган ўрнаги эса уларнинг қалбида бошқа ҳамма кишиларнинг ўрнагига қараганда чуқурроқ ва мустаҳкамроқ из қолдиради. 

Оилавий тарбия доимо мавжудлиги, кўрсатмалилиги ва сержилолиги билан ажралиб туради. Унда одобга доир тадбирларни болага тўғри ўргатиш, маслаҳат бериш, катталар тажрибасигина эмас, балки оиланинг яшаш тарзи, муҳити, ота-оналарнинг касб-ҳунари, оила аъзоларининг маънавий-руҳий муносабатлари катта роль ўйнайди. 

Фарзанд барча оила аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиради: аввало ўйин фаолияти жараёнида, кейинчалик дарс тайёрлашда, касб-ҳунар танлаш ва ниҳоят оилавий хўжалик юритишда ота-оналар билан бирга бўлиб, уларни ҳамжиҳатликка, аҳилликка ўргатади. Фарзанд ота-онасининг кексалигида мададкор, таянч ва суянч бўлишини барчамиз биламиз, фақат бунинг учун унга ўз вақтида, ёшликдан яхши тарбия бериш, маънавий оламини бойитиш лозим. Демак, оиланинг мустақил ҳаёт йўлидан тетик одим ташлаши учун унда соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келиши керак ва ота-она унинг муносиб тарбияланишини ўзлари учун энг муқаддас ва шарафли, қолаверса ўта масъулиятли вазифа деб билишлари лозим. Оиланинг ўз тарбиявий вазифасини кўнгилдагидек яхши бажара олиши учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратиб қўйилган. 

Болалар тарбиясида отанинг қаттиққўллиги, онанинг меҳрибонлиги ҳал қилувчи омиллардандир. Оиладаги соғлом муҳит, меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ота-онанинг билим савияси, имон-эътиқоди, дунёқарашининг бойлиги, пул ва моддий бойликларга муносабати ва шу каби жуда кўп нарсаларга ҳам боғлиқ. 

Ота-оналар ўз болаларига ножўя муносабатда бўлишлари жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Ота ва оналар мулоҳаза билан иш қилишлари, болалар билан бўлган муносабатлари тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўришлари, улар билан бўлган муомалада ўйламасдан иш қилмасликлари керак. 

Бога тарбия беришни хоҳлашнинг ўзи мутлақо кифоя қилмайди. Болани тарбиялаш учун билим ва маҳорат ҳам бўлиши керак. Агар ота-оналар болаларини тарбиялашдаги ўз вазифаларини ўташдан бош тортсалар, болаларига шафқатсизлик билан муомалада бўлсалар, ғайриахлоқий ҳаёт кечириб, болаларига салбий таъсир кўрсатсалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинадилар. 

Мустақил юртимиз равнақи учун муносиб фарзандларни тарбиялаб вояга етказишдек масъулиятли ва улкан вазифани ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳамда ундан фахрлана оладиган инсонлар чинакам фидойи ота-оналардир. Фарзандларимиз бор экан, ана шундай фидойи ота-она бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Манбалар асосида тайёрланди.

Ғуломжон Саттаров

Наманган тумани «Ал-Масжидун Набавий» жоме 
масжиди имом-ноиби