Инсон бу дунёга келар экан, уни биринчи бўлиб меҳр билан бағрига босган инсон — онасидир. Унинг келажаги учун тунларни бедор ўтказган, оғир меҳнат қилиб ҳалол луқма топган инсон эса — отасидир. Шунинг учун ҳам Ислом дини ота-онага эҳсон қилишни энг улуғ ибодатлардан бири қилиб белгилаган. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилиш амридан кейин дарҳол ота-онага яхшилик қилишни буюради. Бу эса уларнинг ҳаққи қанчалик буюк эканини англатади.
Бугун биз ҳаёт ташвишлари билан югуриб, катта-катта режалар тузяпмиз. Яхшироқ уй, қимматроқ машина, юқорироқ лавозим ҳақида ўйлаяпмиз. Аммо шу шошқин ҳаёт ичида энг қимматли инсонларимиз — ота-онамизга қанча вақт ажратаяпмиз? Қачон уларнинг кўнглини сўрадик? Қачон ҳеч қандай сабабсиз қўлини ўпиб, «Аллоҳ сиздан рози бўлсин», дедик?
Афсуски, кўпчилик бу саволларга жавоб тополмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир, Раббнинг ғазаби эса ота-онанинг ғазабидадир», деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадисни чуқур англаган инсон ҳаётида ота-онадан устунроқ инсон йўқлигини ҳис қилади. Чунки Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган эшиклардан энг каттаси — ота-онанинг дуосидир.
Она фарзанди учун ҳеч қачон ўзини аямайди. Фарзанди касал бўлса, унинг оғриғини ўз танасида ҳис қилади. Оч қолса ҳам, фарзандини тўқ қилишга ҳаракат қилади. Ота эса фарзандининг келажаги учун йиллар давомида меҳнат қилади, чарчайди, аммо чарчаганини билдирмайди. Фарзанд эса баъзан уларнинг биргина телефон қўнғироғига жавоб беришга ҳам вақт тополмайди. Ҳолбуки, уларга ажратилган бир неча дақиқа Аллоҳ наздида катта ибодат бўлиши мумкин.
Энг ачинарлиси, инсон ота-онасининг қадрини улар ҳаётлигида эмас, қабрлари ёнида англайди. Ўша ерда айтилмаган сўзлар, қилинмаган хизматлар, олинмаган дуолар армон бўлиб қолади. Қабр тошига тўкилган кўз ёши эса вақтни ортга қайтармайди.
Азиз биродарим, агар бугун онангизнинг овозини эшитаётган бўлсангиз, сиз бой инсонсиз. Агар отангиз дуо қилиб турган бўлса, сиз баракали инсонсиз. Бу неъматнинг қадрига етинг. Уларнинг хизматини оғирлик эмас, жаннатга элтувчи имконият деб билинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга киришнинг энг буюк сабабларидан бири ота-онага эҳсон қилиш эканини таълим берганлар.
Унутманг, инсоннинг бойлиги уйлари ёки мол-мулки билан эмас, балки ота-онасининг дуоси билан ўлчанади. Чунки шундай эшиклар борки, уларни на пул, на таниш-билиш очади. Уларни фақат она дуоси ва ота розилиги очади.
Аллоҳ таоло барчамизга ота-онамизнинг қадрига улар ҳаётлик чоғида етишни, уларнинг хизматини сидқидилдан адо этишни ва дуоларига муносиб фарзанд бўлишни насиб этсин. Зеро, ота-она рози бўлган хонадонда барака бўлади, барака бўлган хонадонда эса Аллоҳнинг раҳмати ҳеч қачон узилмайди.
Нуруллоҳ Жамалов,
Наманган шаҳри “Яҳёхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби