Жаҳолатга қарши маърифат

ОСМОН, ЕР ВА ТОҒЛАР ҲАМ КЎТАРА ОЛМАГАН "ОМОНАТ"

ОСМОН, ЕР ВА ТОҒЛАР ҲАМ КЎТАРА ОЛМАГАН "ОМОНАТ"

 Дин ва унинг аҳкомлари омонатдир! Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:

﴿ إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَنْ يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنْسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُومًا جَهُولًا ﴾

«Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди» (Аҳзоб сураси, 72-оят). 

Муфассир уламолар ояти каримадаги “омонатдан” мурод дин ва унинг аҳкомлари, деганлар. Аллоҳ таолонинг инсонга топширган энг буюк омонат дин омонатидир. Ҳар бир мусулмон ушбу омонатнинг аҳамиятини, қийматини англаб етиши ва унинг ҳаққини адо этиб, муҳофаза қилиши лозим. Мазкур омонатни сақлаш ва ҳимоя қилиш вазифаси биринчи навбатда уламолар зиммасига тушади. Саҳобалар, тобеинлар, таба тобеинлар ва улардан то шу кунгача келган аҳли илмлар ушбу омонатни сақлаб кейинги авлодларга комил шаклда, гўзал суратда, ҳеч қандай нуқсонларсиз етказдилар. Бу йўлда улар жонлари ва молларини фидо қилдилар. 

Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ “Иҳё улумид-дин” китобида бундай дейди: “Оммо халқнинг вазифаси ибодат ва тирикчилик билан машғул бўлиш ва илмни уламоларга ҳавола қилишдир. Чунки киши илмсиз равишда дин ҳақида гапириб ўзи билмаган ҳолда куфр ишни қилиб қўйиши мумкин”. 

Бу масалани ўтган салафи салиҳларимиз бизга ўрнак-намуна бўлганлар. Келинг, уларнинг ҳаётларидан баъзи мисолларни кўриб чиқамиз. 

Ибн Абдул Барр Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “билмайман”, дер эди-да, менга қараб: “Анавилар нимани исташини билдингми, улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилмоқчи”, дер эди”.

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ:

أَجْسَرُ النَّاسِ عَلَى الْفُتْيَا أَقَلُّهُمْ عِلْمًا

«Одамларнинг фатво беришга журъатлироғи уларнинг илми озроғидир!», дер эдилар.

Абу Алий аз­Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишининг фатво бериши учун юз минг ҳадис етадими?” дедим. У зот: “Йўқ”, деди. Мен: “Икки юз мингчи?” дедим. У зот: “Йўқ”, деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, дедим. У зот: “Йўқ”, деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” дедим. У зот яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, деган эдим, у зот: “Умид қиламан”, деб айтди”. Бугун қўрқмай, фатво бераётган қўштирноқ ичидаги кишилар битта ҳадисни матни ва ровийлари билан ёддан айтиб бера оладими?!

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен учратган чуқур илм ва тафаккурга эга бўлган зотлардан фатво сўралганда жонлари ҳалқумларига тиқилгудек ҳолатга тушар эдилар”. Бу фатвонинг аҳамиятидан дарак беради. У зот яна: “Мен чуқур илмга эга бўлган етмишта олим менинг фатво беришга лойиқлигим тўғрисида гувоҳлик бермагунларича фатво бермаганман”, деганлар.

Фатво иши нозик амалиёт бўлиб, у учун киши чуқур диний билим ва фиқҳий малакага эга бўлиши талаб этилади. Бу ҳақда ҳозирги замонамизнинг кўзга кўринган энг машҳур олимларидан фазилатли шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ўзининг “Мақолоту Усмоний” китобида бундай дейди: “Асрлар давомида умматга мерос бўлиб келаётган йўл шуки, шаръий илмларни билишнинг ўзи фатво бериш учун етарли ҳисобланмайди. Фатво бериш учун киши ўз даврининг ишончли уламоларидан таълим олиш билан бирга амалий фиқҳий малакага ҳам эга бўлиши лозим. Бу табибга ўхшайдики, фақат тиббиёт фанини чуқур ўзлаштиргани билан унга беморларни даволашга рухсат берилмайди. Олдин бу соҳада катта тажрибага эга бўлган моҳир табиб олдида амалиёт ўтайди. Шундан кейингина бемор даволашга рухсат этилади”. 

Диндан гапириш фатводир! Фатвонинг асл эгаси эса Аллоҳ таолодир. Бу ҳақида У зот Ўз каломида бундай марҳамат қилади: 

﴿ وَيَسْتَفْتُونَكَ فِي النِّسَاءِ ۖ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِيهِنَّ ﴾

“Сиздан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Сиз “Улар ҳақида Аллоҳ фатво беради” деб айтинг” (Нисо сураси 127-оят).

Шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Фатво бериш вазифаси Аллоҳ ва Расули номидан ўринбосар бўлишдир. Фатво жиддий масала эканлигини ҳис қилиш ва бу шахсий фикрни билдириш ёки ақл ва ҳиссиётлар билан жавоб бериш эмас, балки у (фатво) Аллоҳ таолонинг шахс ва жамият учун жорий қилган, икки дунё саодатига элтувчи ҳукмларини баён қилиш демакдир. Фатвонинг жуда ҳам жиддий ва оғир иш эканлигини билиш учун фатво берувчи Аллоҳ ва Расули номидан ўринбосар бўлаётганини билишининг ўзи кифоя”.

Демак фатво беришни ўз эгалари бажариши лозим экан, бошқалар бундан тилларини тийишлар вожибдир.

Ибодулла Яндашев,
Чуст тумани “Тоймас” жоме 
масжиди имом хатиби