Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ АСОСИ

ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ АСОСИ

Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган амри ҳам шу: бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда яшасинлар, жинсий майлларини пок йўл билан қондирсинлар. Мусулмонлар мана шу илоҳий кўрсатмага ҳамиша қатъий амал қилганлар.

Баъзи бир гуруҳлар ва динларда уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўша тоифаларнинг иши авжига чиққан даврларда уларнинг ўлкаларида аҳоли сони қисқариб кетган. Одамлар ўша динни маҳкам тутишга ҳаракат қилишлари оқибатида оила қуриш, бола-чақа орттиришдан бош торта бошлаганлар. Лекин инсон табиатига зид бўлган бу иш узоққа бормаслиги аниқ.

Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт эркак ва аёлдан иборат қилиб яратганда уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди ва уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини, одам сулоласини Қиёмат қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини ирода қилди. Шунинг учун ҳам Ўзининг барча анбиёларига, авлиёларига ва солиҳ бандаларига никоҳли ҳаётни раво кўрди. Ўзининг барча самовий динида никоҳни жорий қилди. Ўша динлари орқали инсониятга, ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби никоҳ ва оила борасидаги саодатга элтувчи кўрсатмаларини тақдим қилиб борди.

Аслида оила қуриш кимлардир ўйлаганидек, шунчаки ўзаро икки жинс вакилининг яқин муносабатга киришиши эмас. Бир-бирига бегона эркак ва аёлнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан боғланиши ўзига хос бир ибодатдир. 

Жумҳур уламолари никоҳни ибодат деганлар. Улар: Аллоҳ ва Унинг Расули алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир, дейишган. Никоҳ ибодатдир деб ҳукм чиқарган мужтаҳидларнинг пешволари Имом Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Албатта, бу гапни айтган азизларимизнинг далиллари бор.

Шу тарзда Аллоҳ таоло инсониятни аста-секин тарбиялаб келди ва ниҳоят инсоният камолга етганда Ўзининг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замон ва маконда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом орқали оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимотларини жорий қилди. Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилганлар оилавий бахт нашидасини суриб келдилар ва келмоқдалар.

Маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.

Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун имконида бор бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишини тақозо қилади. Албатта, динимизда ҳар икки томоннинг муносабатлари ислоҳ қилиб бўлмайдиган даражага келиб қолса, ўзаро чиройли шаклда ажрашишга рухсат бор. Талоқ бу охирги чора. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир, дейдилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). Талоқ сўзи шунчалик Аллоҳга ёқимсизки, бу сўздан ҳаттоки, Аллоҳнинг Арши ларзага келади дейилган. 

Манбалар асосида тайёрланди.

 

 

Пахриддин Юсупов

Наманган туман бош имом хатиби