Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА БЎСТОНИ

ОИЛА БЎСТОНИ

      Оила инсоният тарихининг барча даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб ҳисобланган муқаддас даргоҳдир. Динимиз таълимотларида ҳам оила масалаларига катта эътибор берилган. Уни қандай ташкил этиш,уни бошлиғи ким бўлиши, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ва фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга мукаммал жавоблар ҳам берилган. Оила қуришлик тарихдаги барча пайғамбарларнинг суннатлари эканлиги Қуръони Каримда ҳам айтиб ўтилган.

    “Дарҳақиқат,Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (Рад сураси 38-оят)

     Ҳадиси шарифда ҳам оилали бўлишлик Пайғамбарлар ҳаёт йўли эканлиги таъкидланган:

    “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир”. (Имом Термизий ва Ахмад ривоятлари)

    Динимиз таълимотида оила қуришга эркак ва аёл бирдек чақирилади. Оила қурмасдан таркидунёчилик йўлини тутиш, якка ҳолда жамиятдан ажраб яшаш қораланиб, никоҳ ибодат даражасига кўтарилгандир.

    Мазҳабимизнинг сўнги мужтаҳидларидан Ибн Обидин ҳазратларининг “Дуррул-мухтор” китобини “Никоҳ бобида” шундай деб ёзилган: “Одамзотга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ .Оила шундай саодат боғики, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳамма шартномалар маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган умр йўлдошларининг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан тугамайди.”

    Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшашаши, бир-бирини яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим.

    Бу ҳақида Қуръони Каримда бундай дейилган: “Улар (хотинларингиз) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин.” (Нисо сураси 19-оят)

    Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман.” (Ал-жомеъу-ас-сағир)

    Оила таянчи бўлган аёлларимизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим, агарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади, чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги,кийим-кечак ва уйларнинг пок ва озодалиги,таом тайёрлаш борасидаги беминнат хизматлари ва энг муҳими тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандларни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: “Мўмин эр мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади.” (Имом Бухорий ривояти)

Ислом дини ўзаро муҳаббат, раҳмат, меҳр-шавқат каби инсоний хислатлар оиланинг муҳим таянчларидан эканини айтади. Бу таянчлардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур.

        Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, “Яхшилик қилишни, меҳр-шавқат ва меҳрибонликни оилангдан бошла”,  деган пурмаъно ҳадиси шарифларига мувофиқ оилани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча эзгу ва савобли ишларни қилишимиз лозим бўлади. Бунда авваламбор эр-хотин қолаверса, қайнона-қайноталар ҳамда уларнинг атрофидаги катталар оиланинг мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратишлари лозим. Оиладаги унча-мунча катта-кичик гаплар, баъзи кечирса бўладиган хатоларга кўп ҳам эътибор бермасдан, улардан улкан иш ясамаслик лозим. Шунда, оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз одобли, билимдон, ақлли, меҳнатсевар ва иймон-эътиқодли бўлиб тарбияланадилар. Ёшларимиз ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашнинг маънавий қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг
 Чуст тумани вакили