Раддия

ОДАМЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ

ОДАМЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ

Ҳозирги кунда турли номлар остида давом этаётган ишларга назар ташланса, мусулмон фарзандлари мусулмон оға-иниларини куфрда айблаб қатл қилмоқдалар, аёлларни эса асир олиб қул бозор ташкил этиб сотиб юбормоқдалар. Бу каби ишлар “куфр” тамғаси остида амалга оширилмоқда. Қуйида ана шу жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Зеро, биз энди баён қиладиган маълумотлар Ислом оламида етук уламоларнинг ишончли далилларга асосланган сўзларидир. Ҳадиси шарифларда баъзи бир ишларни қилган кишилар кофир бўлиши ҳақида айтилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким билатуриб ўз отасидан бошқани “отам” деб даъво қилса, кофир бўлади. Ким ўзи улардан бўлмаган қавмданман, деб даъво қилса, дўзахдаги жойига тайёрланайверсин. Ким бировни куфрда айбласа ёки “Аллоҳнинг душмани” деса ва у ундай бўлмаса айтгани ўзига қайтади” деганларини эшитган.

Араб тилида “куфр” сўзи эъроби (ҳаракати)нинг турлича бўлишига кўра бир неча маънода қўлланилади. Шулардан “неъматга нонкўрлик”, “ундан тониш”, “беркитиш” ва “ўраш” маъноларида қўлланилади.

Уламоларимиз шу маънода келган кўплаб ҳадислардаги “куфр”ни “имоннинг зидди бўлган куфр” эмас, балки “неъматга нонкўрлик, ундан тониш, беркитиш” маъносида эканини айтиб ўтганлар. Зеро, аҳли қиблани гуноҳи сабабли куфрда айбланмайди.

Холид ибн Абдуллоҳ Муҳаммад Муслиҳнинг “Шарҳ ламъату-л-эътиқод” китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилади:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидан: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимса(ни кофирга чиқариш)дан тийилмоқ, кишини гуноҳ сабабли куфрда айбламаймиз ва амали сабабли Исломдан чиқармаймиз”.

Аммо динда ҳаддидан ошиб, ғулувга кетганлар бу масалада юқоридаги сўзнинг аксини қўллашмоқда. Уламолар томонидан Бағдодийга ёзилган “Очиқ хат”да шундай жумлалар мавжуд: “Интернетда тарқатилган лавҳаларнинг бирида “ИШИД”нинг Шокир Вуҳайб деган вакили тинч аҳолидан икки нафар қуролсиз кишини тўхтатади. Улар мусулмон эканлигини айтишади. Сўнг у баъзи намозларнинг неча ракаат эканлигини сўрайди. Бояги кишилар жавобда хато қилишганда, уларни ўлдиради. Бу мутлақо ҳаром иш ва жиноятдир”. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига зиддир. Бундан улар ҳаттоки кимни, нима сабабдан куфрда айблаш мумкин эканини ҳам билмайдиган жоҳил кимсалар экани аён бўлмоқда.

 Яқин Шарқда пайдо бўлган фитначилар жамоаси “Ҳозир барча ислом диёрларида амал қилаётган қонунлар шайтоннинг ҳукмларидир”, дея даъво қилишмоқда.

Улар фақат ўзлари турган жойнигина “дору-л-имон” ва “дору-л-ҳижрат”, деб атаб, бошқа жойларни эса “куфр ва муртадлик диёри”, деб нисбат беришмоқда.

Мазҳабимизда мўътабар саналган “Радду-л-мухтор” китобида шундай дейилади: “Ислом диёри фақат қуйидаги учта шарт жамлангандагина куфр диёрига айланади:

Биринчидан: Ширк аҳлининг ҳукмлари юритилиши билан, яъни мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади;

Иккинчидан: Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашса;

Учинчидан: Мамлакатда бирорта ҳам хавфсиз мусулмон қолмаса”.

Мазкур уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр диёрига айланади. Агар улардан бири ёки иккитаси топилиб, қолганлари топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади”.

Замонамиз олимларидан Абдулқодир Авда айтади: “Дору-л-ислом – ислом арконлари амалда бўлган ёки унда яшовчи мусулмонлар ислом арконларини бажаришларига монелик бўлмаган ҳудуддир”.

Имом Алоуддин Косоний: “Куфр диёрида намоз ўқиш, рўза тутиш каби ислом аҳкомларига амал қилиниши билан у ислом диёрига айланади”, деб таъкидланган.

Ислом оламида машҳур бўлган уламо Муҳаммад Абу Заҳро бундай дейди: “Баъзи кишилар каби шариат аҳкомлари жорий қилинмаганини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳудуд “дору-л-ислом”, бошқаси “дору-л-куфр” деб айта олмаймиз. Ҳозир Мағрибдан то Машриққача жойлашган давлатларда шариат аҳкомлари татбиқ қилинмаса ҳам, барчаси “дору-л-ислом” ҳукмидадир. Чунки у жойларда яшаётган мусулмонлар омонликда ҳаёт кечиришяпти ва уларнинг динига ҳеч қандай хавф йўқдир”.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Мусулмон кишини, бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз”, деганлар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган бир одамни ўлдириб қўяди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деса ҳам ўлдирдингми?” деб сўрайдилар. Усома: “У қўрққанидан, хавфсираб айтди”, дейди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?” деб, қаттиқ танбеҳ берадилар.

Аллоҳдан тавфиқ сўраймиз. Инсонлар бир бирларига яхшилик ила муносабатда бўлишларини Аллоҳ насиб қилсин!

 

Муҳаммад Бобур Насриддинов, 
Наманган шаҳри “Ҳомиддин қори” жоме 
масижиди имом-хатиби