Оила мустаҳкамлиги никоҳга масъулият билан ёндашиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини билиш ва бир-бирини ҳурмат қилишдан бошланади. Никоҳ, маҳр, талоқ ва келин сепи масалалари ҳақидаги қуйидаги мулоҳазаларда ҳам айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилган.
Никоҳ — муқаддас аҳд ва катта масъулият
Никоҳ — муқаддас аҳд. Афсуски, сўнгги вақтларда унга етарлича эътибор берилмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Баъзилар никоҳни оддий маросимдек қабул қилиб, унга шошма-шошарлик билан ёндашади. Тўй-томоша ва бошқа тадбирларга вақт топилади, аммо никоҳ ўқишга келганда: «Ўн дақиқа вақтимиз бор, тезгина ўқиб беринг», дейишади.
Никоҳ ўқишга борганимизда, баъзан келин-куёвни остонага ўтказиб қўйишади, атрофдагилар эса томоша қилиб туришади. Ҳолбуки, энг муқаддас ришта бундай шошилинч ва эътиборсиз шароитда боғланмаслиги керак. Келин-куёвни ҳурмат билан ичкарига таклиф қилишсин, уларга оилавий ҳаёт, эр-хотиннинг бурч ва масъулиятлари ҳақида панду насиҳатлар қилинсин.
Келин ота-онасининг уйидан янги оилага қадам қўяди. Куёв эса уни ўз зиммасига олган масъулиятни англаган ҳолда қабул қилиши лозим. Хотинини моддий таъминлаш, унинг таълим олишига кўмаклашиш, касал бўлса, даволаниши учун шароит яратиш ва оила олдидаги вазифаларини бажариш эрнинг муҳим масъулиятларидандир.
Шунинг учун никоҳ маросими фақат никоҳ аҳдини тузиш билан чекланмаслиги, балки ёшларга оилавий ҳаётнинг моҳияти ва ўзаро ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириш учун ҳам муҳим фурсат бўлиши керак.
Маҳр — келиннинг ҳаққи
Никоҳ билан боғлиқ муҳим масалалардан бири — маҳр. Аммо бугун фарзандларини уйлантираётган ота-оналарнинг барчаси ҳам маҳр масаласига етарлича эътибор қаратаётгани йўқ. Ёшларга тўйни ўтказиб бериш билан бирга, маҳрнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳам тушунтириш зарур.
Куёв маҳрни ўз зиммасига оладиган масъулият сифатида англаши, имкониятига қараб ҳалол меҳнати билан топиши керак. Ота-оналар тўй харажатларини кўтариб бераётган бўлса ҳам, маҳр куёвнинг келин олдидаги алоҳида мажбурияти эканини унутмаслик лозим.
Маҳр — аёлнинг шахсий ҳаққи. Оила ажрашиш билан тугаган тақдирда ҳам, аёлнинг ҳақли равишда белгиланган ва адо этилмаган маҳрга бўлган талаби ўз-ўзидан бекор бўлмайди. Шу боис эр-хотин ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам маҳр масаласига жиддий ёндашишлари зарур.
Баъзан инсон вафот этганидан кейин ҳам унинг зиммасидаги маҳр қарзи масаласи кўтарилади. Шунинг учун маҳрнинг адо этилгани ёки этилмаганини аниқ билиш муҳим. Аёлнинг маҳрдан воз кечиши эса унинг ўз ихтиёри билан қабул қилган қарори бўлиши керак. Бу масалада ҳеч ким унга босим ўтказмаслиги лозим.
Талоқ — энг сўнгги чора
Ислом оилага катта аҳамият беради. Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, уларни муросага келтириш ва оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Талоқ ҳақидаги машҳур ривоятларда Иблис ўз шайтонларини одамлар орасида бузғунчилик қилишга юборади. Улар турли гуноҳларни содир этишга сабабчи бўлганларини айтишади. Аммо эр-хотин ўртасига низо солиб, охир-оқибат талоққа сабаб бўлган шайтон эса алоҳида мақтовга сазовор бўлади.
Бу ривоят орқали оилавий муносабатларни бузиш ва эр-хотинни бир-биридан ажратиш нақадар оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланади.
Албатта, баъзи ҳолатларда оилани сақлаб қолишнинг иложи қолмаслиги мумкин. Ажримга йўл қўйишни ҳар қандай шароитда мутлақо тақиқлаш ҳам тўғри эмас. Исломда талоққа муайян шартлар асосида рухсат берилган. Бироқ у шошма-шошарлик билан қабул қилинадиган қарор эмас, балки барча имкониятлар кўриб чиқилганидан кейинги энг сўнгги чора бўлиши лозим.
Оилавий низолар билан мурожаат қилган фуқароларга маслаҳат бераётганда, уларни яраштириш имкониятларини излаш, ҳар икки томонни тинглаш ва вазиятга холис баҳо бериш муҳим.
Мир Араб мадрасасида узоқ йиллар мудирлик қилган устозим Мухторжон домла бизга шундай ўргатганлар: агар бир оила ажрим ва талоқ масаласида мурожаат қилса, китобларда яраштириш мумкин эмаслиги кўп жойда айтилган бўлса-ю, бир жойда яраштиришга рухсат берилган бўлса, ана шу рухсатни асос қилиб олиб, оилани яраштиришга ҳаракат қилиш керак.
Бу насиҳат оила тақдирига бефарқ бўлмаслик, шошилинч хулоса чиқармаслик ва ярашиш имкониятларини охиригача кўриб чиқиш зарурлигини эслатади.
Келин сепи — фақат моддий бойлик эмас
Қизларни фақат моддий сеп йиғишга эмас, балки маънавият ва маърифат бойлигини орттиришга ҳам ўргатишимиз керак. Чунки оиланинг мустаҳкамлиги уй жиҳозлари ва қимматбаҳо буюмлар билангина белгиланмайди. Ундаги ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат, билим ва яхши тарбиянинг ўрни беқиёс.
Исломий манбаларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳога берилган сеп ҳақида ҳам ривоятлар келтирилади. Ушбу ривоятларда оддий рўзғор буюмлари, жумладан, хурмо толаси билан тўлдирилган ёстиқлар, қўл тегирмони ва сув идиши тилга олинади.
Бу мисол орқали сепнинг қадри унинг қиммати билан эмас, балки оилавий ҳаёт учун қанчалик фойдали экани билан белгиланиши кераклигини англаш мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва оилавий муносабатлари биз учун муҳим ибрат манбаидир. Қизларни турмушга тайёрлашда уларга рўзғор юритишнигина эмас, балки илм олишни, одоб-ахлоқни, оиладаги масъулиятни англашни ва қийинчиликларни ақл билан енгишни ҳам ўргатиш зарур.
Зеро, маънавият ва маърифат билан бойитилган тарбия — янги оиланинг мустаҳкам пойдеворидир.
Козимхон Акрамов,
Наманган тумани "Саййид Жалолиддин" жоме
масжиди имом-ноиби