Намоз Исломдаги энг улуғ ибодатлардан бири бўлиб, у Аллоҳ таоло билан бевосита боғланиш воситасидир. Шунинг учун унинг ҳар бир ҳаракати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аниқ ва ишончли тарзда ривоят қилинган. Намознинг бошланиши бўлган такбиротул-ихром эса ибодатга кириш эшиги ҳисобланади ва бу пайтда қўлларни кўтариш суннат амаллардан биридир. Ушбу амалнинг қай даражада бажарилиши ҳақида саҳобалардан турли ривоятлар келган бўлиб, уламолар уларни жамлаб, илмий ва усулий жиҳатдан таҳлил қилганлар
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоятларида шундай дейилади:
" كَانَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يَكُونَا حِذْوَ مَنْكِبَيْهِ"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турганларида қўлларини елкалари баробаригача кўтарганлар
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоятларида еса:
" أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ كَانَ إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ الْمَكْتُوبَةِ كَبَّرَ وَرَفَعَ يَدَيْهِ حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ "
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозга турганларида такбир айтиб, қўлларини елкалари баробаригача кўтарганлар
Ваил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу ривоятларида:
" رَأَيْتُ النَّبِيَّ ﷺ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ "
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ни кўрдим, у зот такбир айтганларида қўлларини қулоқлари баробаригача кўтардилар
Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу ривоятларида:
" أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ ﷺ كَانَ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ "
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбир айтганларида қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятларида:
" أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ كَانَ إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ رَفَعَ يَدَيْهِ مَدًّا "
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турганларида қўлларини чўзиб кўтарганлар
Ваил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу яна шундай ривоят қиладилар:
" ثُمَّ أَتَيْتُهُمْ مِنَ الْعَامِ الْمُقْبِلِ وَعَلَيْهِمُ الْبَرَانِسُ وَالْأَكْسِيَةُ فَرَأَيْتُهُمْ يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ فِيهَا "
Кейинги йил уларнинг олдига келдим, улар устида қалин кийимлар бор эди ва мен уларни қўлларини кийим ичида кўтараётганларини кўрдим
Ушбу барча ривоятлар жамлаб қаралганда, улар ўзаро зид эмаслиги маълум бўлади. Айримлари елка даражасини, бошқалари эса қулоқ даражасини баён қилади. Ҳанафий мазҳаби уламолари ушбу ривоятларни усулий қоидалар асосида таҳлил қилиб, қулоқ баробаригача кўтаришни афзал деб танлаганлар. Бунинг сабаби шундаки, бу ҳолатда амал кўпроқ бўлиб, ибодатдаги зиёда ҳаракат ҳисобланади ва унга қарши саҳиҳ ман қилувчи далил мавжуд эмас. Шунингдек баъзи ривоятлар елка даражасини шароит билан изоҳлаш имконини беради
Натижада Ҳанафий мазҳабига кўра, намозни бошлашда қўллар қулоқ юмшоғи баробаригача кўтарилади, бармоқлар очиқ ҳолда бўлади ва кейин қўллар боғланади. Бу ҳукм саҳиҳ ривоятларни жамлаш, уларни усулий жиҳатдан таҳлил қилиш ва саҳобалар амалиётига таяниш асосида шаклланган мустаҳкам фиқҳий қараш ҳисобланади
Ҳадисларда қўлни елка баробарида кўтаришга Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ шундай жавоб берганлар: баъзи ҳадисларда кўкрак баробаригача, бошқасида қулоқнинг юмшоғи баробаригача, яна бошқасида эса қулоқнинг теппа қисмигача келган.
Аслида бу ҳадислар бир-бирига зид эмас, балки бу ҳолат қаердан қарашликка боғлиқ. Елка баробаридаги ҳадисдан мақсад — қўл кафтларининг бошланиши елка баробаригача бўлишидир. Қулоқ баробари дейилган ҳадисда эса бош бармоққа нисбатан айтилгандир. Қулоқнинг теппа қисми баробаригача дейилган ҳадислар эса бошқа бармоқлар учига нисбатандир.
Агар шундай деб таъвил қилинса, ҳамма ҳадисларга амал қилинган бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни мукаммал ибодат қилишда бардавом қилсин.
Абдулбосит Абдураҳимов,
Наманган шаҳар “Мавлоно Алиюл қори”
жоме масжиди имом ноиби