Намоз — мўминнинг Роббиси билан боғланишидир. Шунинг учун ундаги ҳар бир амал, ҳар бир ҳаракат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай ривоят қилинган бўлса, шундай адо этилиши лозим. Намозга киришда айтиладиган такбири таҳримадан сўнг қўлларни кўтариш суннат амаллардандир.
Бу масалада мазҳаблар ўртасида ихтилоф бор. Бу эса табиий ҳолдир. Ҳар бир инсон ўз мазҳабига амал қилса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Аммо баъзилар озгина ҳадис билиб, бошқаларни бидъатчига чиқаришга шошиладилар. Бу эса илм ва одобга зиддир.
Ҳанафий мазҳабига кўра қўл кўтариш тартиби
Ҳанафий мазҳабида намозга киришда:
• Қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади
• Бош бармоқ қулоқнинг юмшоғига тегади
• Кафтнинг ички томони қиблага қаратилади
• Бармоқлар бироз очиқ ҳолда бўлади
Баъзи намозхонлар кафтни қулоқ томонга қаратадилар ёки қулоқни ушлаб оладилар. Бу эса суннатга хилофдир.
Бу ҳақдаги ҳадислар
Рaсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини қулоқ баробаригача кўтарганлари ҳақида бир қанча саҳиҳ ҳадислар келган.
1. Воил ибн Ҳужр розияллоху анху ривояти:
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي اللّه عنه، أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّر، وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ
(رواه الإمام مسلم)
Яъни: Воил ибн Ҳужр розияллоху анху айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига етказганларини кўрдим”.
2. Молик ибн Ҳувайрис розияллоху анху ривояти:
عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا كَبَّر رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ
(رواه الإمام مسلم)
Яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтганларида қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар.
3. Анас ибн Молик розияллоху анху ривояти:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ إِبْهَامَيْهِ أُذُنَيْهِ
(رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني)
Яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаганларида қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқлари баробарига етказар эдилар.
Уламолар ҳадисдаги “қулоқ баробаригача” деган сўзни қуйидагича изоҳлаганлар:
وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ
Яъни: қўллар қулоқ билан тенглашганига аниқ ишонч ҳосил қилиш учун бош бармоқ қулоқ юмшоғига тегиши лозим.
Айрим ҳадисларда қўллар елка баробаригача кўтарилгани ҳам келган. Ҳанафий уламолари буни қуйидагича жамлаганлар:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анху ривояти:
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ … ثُمَّ أَتَيْتُهُ مِنَ الْعَامِ الْمُقْبِلِ وَعَلَيْهِمُ الْأَكْسِيَةُ وَالْبَرَانِسُ فَكَانُوا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ فِيهَا
(رواه الإمام الطحاوي)
Яъни: кейинги йил келганимда улар қалин кийимда бўлиб, қўлларини кийим ичида кўтардилар.
Имом Таҳовий бу ривоятларни жамлаб шундай деганлар: Қўллар кийим ичида бўлса елка баробаригача, қўллар очиқ бўлса қулоқ баробаригача кўтарганлар.
Шу тариқа барча ҳадисларга амал қилинган бўлади.
Баъзи ҳадисларда Пайғамбар алайҳиссалом қўлларини кўкрак баробаригача кўтарганлари ривоят қилинган. Бошқа ривоятларда эса қулоқларининг юмшоғи баробаригача, яна айримларида эса қулоқларининг юқори қисмигача кўтарганлари зикр этилган.
Бу масалада замонамиз уламоларидан Нуриддин Итр ҳазратлари “Иъламул аном” китобида жуда нозик ва чиройли изоҳ берадилар. У зот айтадиларки: Қўлларни елка баробаригача кўтарганлари ҳақидаги ҳадисларда кафтнинг бошланиш қисми назарда тутилган. Қулоқнинг юмшоғига етказганлари ҳақидаги ҳадисларда эса бош бармоқлар назарда тутилган. Қулоқнинг юқори қисмигача кўтарилгани ҳақидаги ривоятларда эса бармоқларнинг энг юқори қисми назарда тутилган.
Шундай қилиб, агар барча ҳадисларни шу тарзда тушунсак, улар ўртасида ҳеч қандай зиддият қолмайди. Аксинча, бу изоҳ ҳанафий уламолари тутган йўлга жуда ҳам мувофиқ келади.
Хулоса
Намозга киришда қўл кўтариш — суннат амалдир.
Ҳанафий мазҳабига кўра:
• Қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади
Бу амал саҳиҳ ҳадислар билан собит
• Уламолар бу масалани чуқур ўрганиб, ижтиҳод қилганлар
Бугунги кунда қўллар очиқ бўлгани сабабли, қўлларни қулоқ баробаригача кўтариш суннатга мувофиқдир.
Аллоҳ таоло барчамизни суннатга тўлиқ амал қилувчилардан қилсин.
Абдулбосит Абдураҳимов,
Наманган шаҳри “Мавлоно Алиюл қори” жоме
масжиди имом ноиби