Таълим тарбия

НАФЛ ИБОДАТДАН АФЗАЛ АМАЛ

НАФЛ ИБОДАТДАН АФЗАЛ  АМАЛ

Муқаддас динимиз-исломда фарзандларни маънавий тарбиялаш борасида ғоят мукаммал ғоявий қарашлар тизими яратилган. Бу дунёга келган инсонларнинг ўзаро муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан бўладиган муомалалари ҳудди меҳмонга қилинадиган мулозаматдек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Бу тўғрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимгаки юмшоқлик насибаси берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшилигидан иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак, у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди”.

Ибн Масъуддан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, инсонларнинг илгари ўтган пайғамбарлари “Уялмасанг, ҳоҳлаганингни қилавер, деганлар”. Бу ҳадисдан ҳаё ўтган замонларда ҳам яхши хулқлардан ҳисобланганганлиги маълум бўлади. 

Дарҳақиқат,ислом дини таълимотида инсониятни  ҳаёсизликка тарғиб қилинмайди, чунки ҳаёсизлик инсониятни залолатга олиб боради. Халқимизнинг одоб-ахлоқи ислом динининг олийжаноб таълимотлари асосида шаклланган десак, муболаға бўлмайди. Фарзанднинг салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашидан тортиб, ота-онага қандай мурожаат қилиш борасидаги таълимлари тарбиянинг муҳим қирраларидандир. Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқни ўргатиш нафл ибодатдан афзал ва савоблироқ дейилади.

Ёшларни тўғри тарбиялашда иймон-эътиқод ва она Ватанга садоқат масаласи муҳим ўринга эга. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб,  у тўғри бўлса, фарзанд камол етиб, эл-юртга фойда келтиради. Гўзал одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан биридир. Фарзандлар миллий одобларимизга доир одатларини унутиши жуда аянчли ҳол. Ёшларимиз миллий ва диний урф-одатларимизга тўғри келмайдиган тақлидларни қабул қилмасликлари зарур.

Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кўришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтишса, уларни Аллоҳ таоло мағфират қилади”. 

Шу боис биз аждодларимиз қадриятларига таяниб, оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлаш, фарзандларимизни юртпарвар ва элпарвар, юксак эътиқодли, одоб-ахлоқли ва баркамол этиб тарбиялашга интилишимиз зарур.

Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме 
масжиди имом-хатиби