Жонажон Ватанимиз Ўзбекистон мустақилликка эришгач, жамият ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар ва муҳим ютуқларга эришилди. Айниқса, миллий ўзлигимизни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклаш, тарихий хотира ва бой илмий-маданий меросимизни асраб-авайлаш борасида кенг имкониятлар яратилди. Шу қаторда диний-маърифий соҳада ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилиб, инсоннинг виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний қадриятлар ва миллий анъаналарга бўлган ҳурматни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ халқимизнинг асрлар давомида шаклланган диний, маънавий ва маданий қадриятларини қайта тиклашга кенг имкониятлар яратилди.
Юртимизда кўплаб масжидлар таъмирланди, янгилари барпо этилди, тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжолар қайта тикланди. Бу ишлар халқимизнинг миллий ва маънавий меросига бўлган эҳтиромини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Шунингдек, диний таълим ва маърифатни ривожлантириш, исломий меросимизни холис ва илмий асосда ўрганиш учун ҳам зарур шароитлар яратилди. Бугунги кунда юртимизда буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга катта аҳамият берилмоқда. Уларнинг асарлари қайта нашр этилмоқда, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, халқаро миқёсда илмий-маърифий анжуманлар ташкил этилмоқда.
Бундай эзгу ишлар, аввало, ёш авлоднинг ўз тарихи ва аждодлари билан фахрланиши, миллий ва диний қадриятлар руҳида камол топиши учун муҳим замин яратмоқда. Зеро, ўз тарихини, маънавий илдизларини билган ва қадрлаган ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига берилмайди, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайди.
Мустақиллик йилларида диний таълим соҳасида ҳам сезиларли имкониятлар пайдо бўлди.
Диний таълим муассасалари фаолияти ривожлантирилиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга, малакали мутахассисларни тайёрлашга эътибор кучайтирилди. Диний-маърифий соҳада илмий изланишлар олиб бориш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, буюк аждодларимиз меросини дунё миқёсида тарғиб этиш учун имкониятлар кенгайди.
Юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳам муҳим қадриятлардан бири сифатида қарор топди. Турли дин ва конфессия вакилларининг тинч-тотув яшаши, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитининг шаклланиши мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир. Тинчлик ва осойишталик бор жойда эса тараққиёт, бунёдкорлик ва фаровонлик бўлади.
Айниқса, кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадри, виждон эркинлиги, маърифат ва маънавий тараққиёт тамойилларига асосланмоқда. Диний масалаларни тушунтиришда илм ва маърифатга таяниш, ёшларни турли бузғунчи ва ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда соғлом дунёқараш, мустаҳкам эътиқод ва Ватанга дахлдорлик туйғусини шакллантиришга катта аҳамият берилмоқда.
Шу ўринда, муҳтарам Президентимиз томонидан 100 нафар ватандошимизнинг муборак Ҳаж сафарига юборилгани, юртимизда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуасининг янгидан барпо этилаётгани ҳам диний-маърифий соҳадаги эътибор ва эзгу ишлар кўлами нақадар кенгайиб бораётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
Бугун бизга берилган бу имкониятлар, аввало, катта масъулиятни ҳам юклайди. Зеро, мустақиллик фақат эркинлик эмас, балки уни асраб-авайлаш, Ватан равнақига ҳисса қўшиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш масъулияти ҳамдир. Айниқса, ёш авлодга тўғри таълим ва тарбия бериш, уларни илм-маърифатга ошно этиш, миллий ва диний қадриятларимизни чуқур англатиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон мустақиллиги диний-маънавий ҳаётимизда янги ва муҳим бир даврни бошлаб берди. Миллий ва диний қадриятларни тиклаш, аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний таълим ва маърифатни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Энг муҳими, бизга берилган бу неъматларни қадрлаш, улардан оқилона фойдаланиш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асраш ҳамда ёш авлодни илмли, маънавиятли, бағрикенг, иймон-эътиқодли ва Ватанга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Манбалар асосида тайёрланди
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом ноиби