Таълим тарбия

МОЛ-МУЛКНИ ҚАЕРДАН ТОПГАНИГА ПАРВО ҚИЛИШ ДИНИМИЗ КЎРСАТМАСИ

МОЛ-МУЛКНИ ҚАЕРДАН ТОПГАНИГА ПАРВО ҚИЛИШ ДИНИМИЗ КЎРСАТМАСИ

Динимиз одамларни ҳалол ризқ топишга чақиради.

Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларини ҳикматли сўзлари бўлиб: Бир умр бахтли яшашни истасанг ҳалол бўлгин дейдилар. 

Динимиз барча ўринларда ҳаром қилинган нарсалардан фойдаланишдан огоҳлантиради.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ  يَأْتِى عَلَى النَّاسِ زَمَانٌ ، لاَ يُبَالِى الْمَرْءُ مَا أَخَذَ مِنْهُ أَمِنَ الْحَلاَلِ أَمْ مِنَ الْحَرَامِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг бошига бир замон келади, киши (молини) ҳалолданми ёки ҳаромданми–қаердан топганига парво қилмай қўяди”, дедилар”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида яқинда одамларнинг аҳволи ўзгариши ва замонлар алмашишини хабар бермоқдалар. Умматнинг бошига шундай вақт келар эканки, дини заифлашиб, виждон ва кафиллик бузиларкан. Мол-дунё йиғишга ҳирс қўйиб, унинг қаердан келганига, ҳалолми, ҳаромми аҳамият бермай қўяр экан. Пулни қандай йўл билан қўлга киритганига – ҳалол савдо йўли биланми, қўл меҳнати биланми ё ўзлаштириб олишданми, судхўрликданми, қиморданми, порахўрликданми – парво қилмай қўяр экан. Мақсад қандай йўл билан бўлса ҳам мол-мулк йиғиш бўлиб қолар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом шулардан бўлиб қолишдан қайтарганлар. Инсонийликка тўғри келмайдиган касб-кор қилиб, пул топишдан қаттиқ огоҳ этганлар. Чунки бу иш соҳибини фалокат ва мусибатга дучор қилади. Яратганнинг ғазабини келтириб, дуонинг ижобатига тўсиқ бўлади. Устига-устак, ҳаромнинг юки нафақат ўзига, балки бутун халққа зарар етказади. Жамиятда ахлоқий муаммолар пайдо бўлишига, ўғирлик, талончилик, порахўрлик, судхўрлик, алдов, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш, бировнинг ҳаққини, етимнинг молини ботил йўл билан ейиш, яширин ва ошкор ахлоқсизликларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлади.

Ҳалол ризқни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга зарурдир. Муқаддас динимиз мақтовга лойиқ ва шариатга мувофиқ мол-мулк топиш ва касб-кор қилишга чақиради. Бунга эришиш учун мавжуд қонун-қоидаларга риоя этиш, шахс ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳаддан ошмаслик талаб этилади.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

( يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِين )

“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар, шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”[1]. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаришга ҳаракат қилади. Шайтоннинг қизиқтиришига маҳлиё бўлиб қолган нодон эса ҳалол-ҳаромни фарқламайдиган, ҳис этмайдиган даражага тушиб қолиши мумкин. 

Баъзи одамлар очкўзлик ва бахиллик билан Парвардигорига туҳмат қилиб, ўзи учун ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиб олади.

Қайтарилган йўл билан даромад топишга ундовчи сабаблар ва уларнинг зарарлари ҳақида яна айтадиган бўлсак, биринчиси    Аллоҳдан қўрқиш ва ҳаёнинг йўқлигидир.   Қўрқув ва ҳаё одамни ҳимоя қиладиган, ҳаром йўлга юришдан сақлайдиган омилдир. Агар инсондан ҳаё кетса, топаётгани ҳалолданми ёки ҳаромданми, бунга бепарво бўлади. Ҳаёсизликнинг қандай ёмон эканини қуйидаги ҳадисдан хулоса қилсак бўлади: “Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу бундай сўзлаб берди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уялмасанг, хоҳлаганингни қилавер” деган гап одамларга биринчи нубувват сўзларидандир”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган). Демак, биринчи бўлиб ҳаёли бўлишга ҳаракат қилиш зарур экан.

Дунё ўткинчи, ҳар бир инсон топган-тутгани, сарфлагани учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида масъулдир. 

Динимизда ҳар бир мўмин бандага фақатгина ҳалол ризқ топиш фарз қилингандир. Ҳаромга қўл уриш мутлақо мумкин эмас.

Шундай экан топаётган молу-мулкларимизни тўғри йўлда бўлишига ҳам эьтибррли бўлайлик  шундагина  ҳаётимиз фаровон ва мазмунли бўлади. Яратган барчамизни яхшиликда саломат айласин

Кенжабек Солиев,  
Чуст туман  Ғойиб эронлар ”  жоме   
масжиди имом хатиби