• Home
  • Раддия
  • МАВЛИДИ-ШАРИФНИ НИШОНЛАШ ЖОИЗМИ?
Раддия

МАВЛИДИ-ШАРИФНИ НИШОНЛАШ ЖОИЗМИ?

МАВЛИДИ-ШАРИФНИ НИШОНЛАШ ЖОИЗМИ?

Сохта салафийларнинг ёмон бидъатларидан яна бири Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлиди шарифларини нишонлаш ҳаром, деган ботил даъводир.

Бу оқим тарафдорлари мавлиди шарифни нишонлашга эътирозларини билдириш учун бир қанча рисолалар ҳам битишган. Носир Албонийнинг “Бидъатул мавлид”, Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзоннинг “Ҳукмул иҳтифал бизикрил мавлидин-набавий”, Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайхнинг “Ҳукмул иҳтифал билмавлид вар-родду ъала ман ажазаҳу”, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг “Ҳукмул иҳтифал билмавлидин-набавий” номли рисолаларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бунинг устига Мавлиди шариф маросимида сўйилган жонлиқнинг гўштини ҳаром деб билганлари ҳам бор.

Мавлид маросими бир неча юз йиллардан буён Ислом оламида кенг нишонланиб келинган амаллардандир. Муаррих Ибн Ҳалликон “Вафийятул-аъён” асарида зикр қилишича, мавлид маросимини биз кўриб, эшитиб одатланган ҳолидай нишонлашни расман давлат миқёсида ташкиллаштирган дастлабки ҳукмдор Арбил (ҳозирги Ироқ) волийси — малик Музаффариддин Кўкбўр бўлган (1190-1233 й.). Аллома ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Малик Музаффарнинг бу хайрли тадбирларини мақтаб, таҳсинга сазовор эканига алоҳида урғу бериб, ўзининг “Ал-Бидая ван-ниҳая” номли тарих асарида келажак авлод учун ёднома сифатида ёзиб қолдирган.

Мавлид Ислом оламида феълий ижмоъ йўли билан собит бўлган гўзал амаллардан биридир. Асрлар оша Ислом подшоҳлари, машойихлар, ҳадисшунослар, фақиҳлар, зоҳидлар ва қанча-қанча орифлар мавлид маросимини нишонлаб келишлари тарихдан маълум ва машҳур.

Уламоларимизнинг таъкидлашича мавлиди набийни нишонлаш ҳақида суннати набавияда ҳам ишоралар бор. Жумладан, Ал-Ҳофиз Шамсиддин бин Носириддин ад-Димашқий шундай дейдилар: “Абу Лаҳаб пайғамбар алайҳиссалом туғилганларида ҳурсандлигидан Сувайбани чўриликдан озод қилиб юборгани учун душанба куни дўзахдаги азоби енгиллатилади, деган хабар саҳиҳдир”. 

Ибн Ҳажар ал-Асқалонийга мавлид амали ҳақида савол берилганда у зотнинг айтган жавобларини Жалолиддин ас-Суютий келтирадилар: “Аслида Мавлид амали бидъат иш бўлиб, аввалги учта асрда яшаган салафи солиҳлардан бундай қилганлари нақл қилинмаган. Лекин, шунга қарамай унинг кўплаб яхши томонлари бор. Ким ана шу яхши томонларини қилса яхши бидъат жумласидан бўлади. Мен бунга асос бўладиган далилни ҳам топдим. У ҳам бўлса, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган вақтларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва улардан бунинг сабаби ҳақида сўрадилар. Улар: бу кунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ этиб, Мусога нажот берган. Шунинг учун биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутамиз, дейишди. Бундан шундай маъно келиб чиқадики, Аллоҳ таоло кимга бирор муайян кунда бирорта неъмат берган ёки балони даф этган бўлса, ўша куни Аллоҳга шукрона тариқасида яхши амал қилиш лозим бўлади. Бу кунда раҳмат пайғамбари бўлмиш зотни дунёга келишидан ҳам ортиқроқ неъмат борми?! Мана бу мавлидни нишонлаш учун нақлий далил саналади. Аммо, унда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, албатта, Аллоҳга шукрона бўладиган Қуръон тиловати, таом ва садақалар тарқатиш, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаги қасида ва мадҳиялар ўқиш, охиратга савоб бўладиган амалларга тарғиб этиш каби амаллар билан ўтказиш лозим бўлади”.

Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме 
масжиди имом-хатиби