Таълим тарбия

МАСЖИДГА ПИЁДА БОРИШ — НУР, САВОБ ВА ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ЙЎЛ

МАСЖИДГА ПИЁДА БОРИШ — НУР, САВОБ ВА ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ЙЎЛ

Инсон ҳаётида шундай амаллар борки, у кичик кўринса-да, Аллоҳ таъоло наздида жуда улуғ ҳисобланади. Ана шундай буюк амаллардан бири — масжидга пиёда боришдир. Айниқса, жума ва ҳайит намозларига қадам босиб бориш мўмин учун улкан савоб, гуноҳларнинг кечирилиши ва жаннатга элтувчи сабаблардан бири ҳисобланади.

Масжид — Аллоҳнинг уйи

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закот берган ва Аллоҳдангина қўрққан кимсалар обод қиладилар.” (Тавба сураси, 18-оят)

Масжидга қадам қўйишнинг ўзи ибодат. У ерга пиёда юриш эса қалбнинг Аллоҳга муҳаббатини билдиради.

Ҳар бир қадамга савоб вада қилинган

Пайғамбаримиз Mуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васллам: “Ким уйида таҳоратни гўзал қилиб, кейин масжидга намоз учун юрса, ташлаган ҳар бир қадами билан бир даражаси кўтарилади ва битта гуноҳи ўчирилади.” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)

Ўйлаб кўринг…

Масжидгача бўлган йўлдаги ҳар бир қадам — савоб. Ҳар бир юриш — гуноҳларнинг ювилиши. Баъзи инсонлар машинада келиб тирбандлик келтиради,намозхонлар ҳавсизлиги уларга азият беришлик содир бўлади. Баъзилар эса пиёда юриб кўп ажир кўпайтириш учун жаннатга қадам ташлайди.
Бомдод ва хуфтонга пиёда юрганларга қиёматда нур бўлади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам шундац дедилар: “Зулматларда масжидларга юриб борувчиларга Қиёмат куни тўлиқ нур хушхабарини беринг.” (Абу Довуд, Термизий ривояти)
Тонг саҳарда ёки кечқурун хуфтон вақтида масжидга пиёда юриш — қиёматда нур бўладиган амалдир. Қоронғу йўлда қилинган қадамлар охиратда ёруғликка айланади.

Жума ва ҳайит намозига пиёда боришнинг буюк фазилати ҳақида 

Жума ва Ҳайит — мусулмонларнинг энг улуғ байрами. Бу кунга эртароқ, пиёда бориш катта ажрга сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васллам:  “Ким жума ва ҳайит куни ғусл қилиб, эрта борса, имомга яқин ўтирса, диққат билан хутбани тингласа ва пиёда борса, унга ҳар бир қадами учун бир йиллик рўза ва бир йиллик қиём савоби берилади.” (Термизий ривояти)

Бу қандай улуғ фазилат!

Бир қадам — бир йил нафл рўза ва тунги ибодат савоби!

Бугун баъзи инсонлар бир неча қадам юришни оғир санайди. Аслида пиёда юриш ўзининг соғлиги, ҳавсизлиги, бошқа намозхонга бўлган ҳурмати бўлади. Албатта чин мўмин биладики, масжид сари юрилган йўл — аслида жаннат сари йўлдир.

Ҳайит намозига пиёда бориш суннатдир. 

Саҳобалар ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам ҳайит намозига кўпинча пиёда борар эдилар.

Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Ҳайитга пиёда бориш суннатдандир.” (Ибн Можа ривояти)
Ҳайит куни масжидга пиёда бориш — суннат, тавозу, шукр ва мусулмонлик шиорларидан биридир.

Саҳобаларнинг масжидга муҳаббатлари шу қадар эдики, улар масжиддан узоқ яшасалар ҳам, савоб кўпайиши учун пиёда юришни яхши кўришарди.

Бир саҳоба масжиддан анча узоқда яшар эдилар. Унга: — “Эшак сотиб олсангиз бўлмайдими?” — дейишганда, у зот: — “Мен масжидга борган ва қайтган қадамларимнинг савоби ёзилишини яхши кўраман”, — деганлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам: “Аллоҳ сенинг барча қадамларингни ёзиб қўйди.” — дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Масжидга юриш — қалб ҳаёти белгиси

Масжидга интиладиган қалб — тирик қалбдир. Мўмин эса азонни эшитса, қалби ҳаяжонланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, масжидлар Аллоҳникидир.” (Жин сураси, 18-оят)
Масжидга юрган инсон аслида Аллоҳнинг меҳмони бўлади.

Ҳулоса шуки

Эй мўмин биродарлар…

Балким сиз масжидгача бўлган йўлни оддий деб ўйлардирсиз. Аммо Аллоҳ наздида у йўл жуда буюкдир.
Балки сиз чарчаб юрарсиз…

Лекин ҳар бир қадамин жаннатга яқинлаштирмоқда.

Балки йўл узоқдир…

Лекин раҳмат ундан ҳам яқин.

Азон айтилганда туриб!

Масжид сари пиёда қадам ташланг!

Чунки сизнинг ердаги қадамларингиз — осмонда савоб бўлиб ёзилмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни масжидларни обод қилувчи, жума ва ҳайит намозларга ихлос билан пиёда юриб борувчи, солиҳ бандаларидан қилсин. 

Нўмонхон Эшондедаев,
Наманган шаҳар бош имом-хатиби