Йилнома

Маҳалла — иймон, тарбия ва баракага эга даргоҳ

Маҳалла — иймон, тарбия ва баракага эга даргоҳ

2026 йил эндигина бошланди. Бу йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб номланиши қалбларимизда катта умид, зиммамизда эса улкан масъулият уйғотди. Чунки маҳалла  динимиз, қадриятларимиз ва инсонийлик мезонлари сақланадиган энг муқаддас маскандир.

Ислом таълимотида қўшничилик ҳаққи жуда улуғ мақомга эга. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қўшни ҳақига шу қадар аҳамият берганларки, ҳатто уни меросхўр қиладимикин, деб ўйлаганлар. Бу ҳикматли таълимот маҳалланинг моҳиятини очиб беради. Чунки маҳалла — қўшни қўшнини танийдиган, дардга шерик, қувончга ҳамнафас бўладиган муҳитдир.

Маҳалла инсон тарбиясининг илк маскани ҳисобланади. Боланинг одоби, ёшларнинг ҳаётга қараши, катталарнинг масъулияти айнан шу заминда шаклланади. Яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш каби эзгу амаллар маҳаллада ҳаётга татбиқ этилса, бутун жамият соғлом бўлади.

Динимизда «тозалик -  иймоннинг ярми» дейилади. Обод маҳалла, озода кўча, пок муҳит ҳам маънавият белгисидир. Маҳаллада қилинган ҳар бир савоб иш  эҳтиёжмандга кўмак, кексани эъзозлаш, ёшни тўғри йўлга бошлаш  Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрга сабаб бўлади.

2026 йил биздан фақат сўз эмас, амал талаб этади. Ҳар бир фуқаро маҳаллада тинчликни сақлашга, аҳилликни мустаҳкамлашга, фитна ва адоватдан йироқ бўлишга ҳисса қўшса, бу жамият равнақининг энг ишончли йўлига айланади. Зеро, барака жамоада, раҳмат эса ҳамжиҳатликдадир.

Маҳалла дуо қабул бўладиган, кўнгиллар яқинлашадиган макондир. Шу боис, янги йилни маҳалладан бошлаб, эзгу ниятларни маҳаллада амалга оширайлик. Ана шунда юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло маҳаллаларимизни обод, унинг аҳлини аҳил, иймонли, келажагимизни эса янада ёруғ, ҳаётимизни мазмунли вабаракали қилсин!

Мусохон Аббосиддинов,  
Наманган шаҳридаги “Боқи Полвон” жоме 
масжиди имом-хатиби.