Жаҳолатга қарши маърифат

КУФРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

КУФРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Араб тилида “куфр” сўзи бир неча маънода қўлланилади. Шулардан “неъматга нонкўрлик”, “ундан тониш”, “беркитиш” ва “ўраш” маъноларида қўлланилади.

Агар киши, Аллоҳ таолони очиқ ошкора инкор этмаса ёки ҳалолни ҳаром ёхуд ҳаромни ҳалол деб қасддан айтмаса, у куфрда айбланмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимсалардан тийилинглар. Уларни гуноҳ сабабли куфрда айбламанглар. Кимки “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деган кимсаларни куфрда айбласа, бас, у кимса куфрга яқинроқдир.

Мана бу ҳадисда ҳам очиқ ойдин баён қилинмоқда, яъни бирор бир мусулмонни кофир дейиладиган бўлса, ана шу айтган одамнинг ўзи кофирликка яқин бўлади. Шундай экан, қалбида иймони бор бўлган мусулмонни куфрда айблашлик гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига зид. Бундан эҳтиёт бўлиш керак.

Машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм айтади: “Агар бир масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлсаю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”.

Демак биз қалбида иймони бор одамни куфрда айблаб, уни кофир дейишлигимиз хатарли ишлардан эканлигини тушуниб етишимиз лозим.

Ҳанафий уламоларимиздан бири бўлган Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ ўзларининг  “Радду-л-мухтор” китобида: “Ислом диёри фақат қуйидаги учта шарт жамлангандагина у юртни куфр диёри дейиш мумкин бўлади:

Ширк аҳлининг ҳукмлари юритилиши билан, яъни мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади;

Иккинчидан: Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашса;

Учинчидан: Мамлакатда бирорта ҳам хавфсиз мусулмон қолмаса”.

Мазкур уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр диёрига айланади. Агар улардан бири ёки иккитаси топилиб, қолганлари топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади”.

Аллоҳ таолога ҳамдлар айтишимиз керакки, юртимиз тинч, мусулмонлар эмин эркин ибодатларини қилмоқдалар. 

Юртимиз уламоларидан бўлган Имом Алоуддин Косоний: “Куфр диёрида намоз ўқиш, рўза тутиш каби ислом аҳкомларига амал қилиниши билан у ислом диёрига айланади”, деб таъкидланган.

Банда бу дунёда яшаркан шайтонни васвасасига учишлиги ёки ўз нафсини сўзига кириб қолишлик билан гуноҳкор бўлишлиги мумкин. Шундай экан, биз у гуноҳ қилган бандани мусулмон гуноҳкор деймиз холос. У ҳақида бошқа эътиқодга ўтмаймиз.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Мусулмон кишини, бир гуноҳни қилгани билан, ўша гуноҳни ҳалол санамаса, уни кофирга чиқармаймиз”, деганлар.

Юсуф Қарзовий роҳимаҳуллоҳ: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга ҳамма мусулмонларга қилинадиган муомала қили-ниши керак” деган.

Авазбек Юсупов,
Наманган шаҳар, Давлатобод тумани

“Ғози Муҳаммад ҳожи” жоме 
масжиди имом-хатиби