Жамият аъзоларига муносабат

КОРРУПЦИЯ — ЖАМИЯТНИ ТАНАЗЗУЛГА ЕТАКЛОВЧИ ИЛЛАТ

КОРРУПЦИЯ — ЖАМИЯТНИ ТАНАЗЗУЛГА ЕТАКЛОВЧИ ИЛЛАТ

Коррупция ҳар қандай жамиятнинг ривожига жиддий тўсиқ бўлувчи, адолат ва ишонч асосларини емирувчи хавфли иллатдир. У инсонларнинг ҳалол меҳнатига соя солади, қонун устуворлигини заифлаштиради ва маънавий қадриятларни емиради. Ислом динида эса коррупция — ноҳақ мол емоқ, омонатга хиёнат қилиш ва зулмнинг бир кўриниши сифатида қатъий қораланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:  «Бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг ва одамларнинг молидан бир қисмини гуноҳ билан еб олиш учун уни ҳокимларга ташламанг»  (Бақара сураси, 188-оят).
Ушбу оятда пора бериш ва пора олиш орқали манфаат орттириш ҳаром экани очиқ-ойдин баён қилинган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам коррупциянинг нақадар оғир гуноҳ эканини қуйидаги ҳадисда таъкидлаганлар:  «Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин»  (Имом Термизий ривояти).
     Бу ҳадис коррупцияда фақат олувчи шахс эмас, балки унга пора таклиф қилувчи ҳам жавобгар эканини кўрсатади.

Ислом тарихида бу масалага нисбатан қаттиққўл ва адолатли ёндашув бўлган. Ибратли ривоятлардан бирида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир амалдорнинг бойлиги хизматга келгандан сўнг ортиб кетганини кўради. Текширув жараёнида бу мол «совға» экани айтилганда, ҳазрати Умар: «Агар сен мансабда бўлмаганингда бу совғалар сенга берилармиди?» деб сўрайди ва ортиқча молни давлат хазинасига қайтартиради. Бу ҳолат мансаб — омонат экани ва ундан шахсий манфаат учун фойдаланиш хиёнат саналишини яққол намоён этади.

Бугунги кунда ҳам ҳаётда бундай ҳолатларга тез-тез дуч келамиз. Масалан, бир фуқаро иш юритиш ёки ҳужжат расмийлаштириш учун қонуний тартибда мурожаат қилади, аммо ундан пора талаб қилинади. Агар у пора беришга рози бўлса, иши осон ҳал бўлади, лекин бу гуноҳ ва адолатсизликдир. Агар у ҳалол йўлни танлаб, сабр қилса, вақтинчалик қийинчиликка дуч келиши мумкин, аммо охир-оқибатда юзи ёруғ бўлади. Чунки адолат кечикса ҳам, барибир қарор топади.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция жамиятни ичи-ичидан емирувчи касалликдир. Унга қарши курашиш фақат қонун ва жазо билан эмас, балки ҳар бир инсоннинг иймони, ҳалоллиги ва масъулияти билан боғлиқ. Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилган ҳолда, ҳар ким ўз вазифасини ҳалол адо этса, коррупциясиз, адолатли ва баракали жамият барпо этиш мумкин бўлади.

Маъруфхон Алоходжаев, 
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме  
масжиди имом-хатиби