Байрам ва марака маросимлари

Конституция –адолат, тинчлик ва қадриятлар мужассамланган асосий қомусимиз

Конституция –адолат, тинчлик ва қадриятлар мужассамланган асосий қомусимиз

Ҳар бир миллатнинг тарихида улуғ, забардаст кунлар бўлади. Ўша кунлар миллатнинг келажак йўлини белгилайди, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Бизнинг юртимиз –азиз Ўзбекистонимиз учун  шундай муқаддас сана-бу 1992 йил 8 декабрь, яъни Ўзбекистон  Республикаси Конституцияси қабул қилинган кундир.

Бу кун мустақил давлатимизнинг пойдевори,халқимиз иродаси ва ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Конституция –бу шунчаки қоғоздаги моддалар эмас, балки миллатнинг виждони, адолат ва тинчлик рамзидир.

Ислом ва Конституция инсон қадрини улуғлайдиган икки манбаъдир. Ислом дини инсониятни адолат, тинчлик, меҳр-шафқат ва инсофга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ сизларга  амонотларни эгасига топширишни ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда, адолат билан ҳукм қилишингизни буюради” ( Нисо сураси 58-оят). Бу оят адолат ва масъулият тамойилларини белгилайди. Бугунги Конституциямиз ҳам айнан шу ғояларга ҳамоҳангдир. Унда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлиги, жинси, ирқи, динидан қатъий назар, тенглиги таъминланган. Бу эса исломнинг “Инсон Аллоҳнинг олдида тенг” деган  улуғ таълимоти билан ҳам бир маънода жонли уйғунлик касб этади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эй одамлар! Ҳаммангиз Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган. Биров бошқасидан фақат тақво билангина устундир” , - деган эдилар.

Конституциямизда ҳам ана шу тенглик ва инсоф руҳи жуда аниқ ифода этилган. У фуқароларнинг шаънини, ор-номусини, виждонини ҳимоя қилади. Адолат ва тинчлик ислом ва қонуннинг  умумий йўлидир. Адолат ҳар қандай жамиятнинг таянчи. Исломда адолатсизлик катта гуноҳ саналади, чунки зулм жамиятни пароканда қилади. Конституця эса мамлакатда адолатни таъминловчи асосий ҳуқуқий меъёрдир. У инсонни  давлат олдида ҳам, жамият олдида ҳам ҳимоя қилади. Бугунги тинч ва обод Ватанимизда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини билиб, масъулиятини ҳис этаётган бўлса, бу-Исломнинг маънавий асослари ва Конституциямиздаги ҳуқуқий меъёрлар уйғунлигининг самарасидир.

Ватанни севиш-иймонниг бир қисми. Ватанни севиш иймондандир. Конституциямиз Ватанни асраш, унинг мустақиллигини муҳофаза қилиш ва келажак авлодни  эзгулик руҳида тарбиялашга ҳизмат қилади. Бу вазифаларнинг барчаси ислом ахлоқи билан чамбарчас боғлиқ.

8 декабрь –бу фақат ҳуқуқий байрам эмас, балки маънавий ва қадриятларимизни  янгидан англайдиган, шукр қиладиган, масъулиятни ҳис қиладиган  кундир. Бу кун бизга Аллоҳнинг инсонга берган энг улуғ неъматларидан бири-эркинлик, адолат ва тинчликни қадрлашни ўргатади.

Конституция ва Ислом дини-иккаласи ҳам инсонни улуғлайди, зулмдан асрайди ва инсоф билан яшашга даъват қилади. Шунинг учун ҳам ўзбек фуқароси  учун  Асосий қонунни ҳурмат қилиш –нафақат фуқаролик бурчи, балки исломий фазилат ҳамдир. Адолат байрами барчамизга қутлуғ бўлсин. 

Нуриллоҳон Сирожиддинов, 
Мингбулоқ тумани “Гуртепа” жоме  
масжиди имом ноиби