Таълим тарбия

КИТОБ МУТОЛА ҚИЛИШ ИНСОНГА САОДАТ ЭШИКЛАРИНИ ОЧАДИ.

КИТОБ МУТОЛА ҚИЛИШ ИНСОНГА САОДАТ ЭШИКЛАРИНИ ОЧАДИ.

          Китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб,  мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди.       Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. Аллоҳ таоло каломида илм эгаларини баланд даража (мартаба)ларга кўтараман деб. Мужодала, 11 - оятида ваъда қилган. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят Ўзларининг кўплаб ҳадисларида илм олишга тарғиб ва ташвиқ қилганлар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

            Ундан ташқари киши кўп ўқиган сари билими ошиб бораверади, ҳамма соҳадан маълум маънода хабари бўлади, натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

        Китоб ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

            Китоб ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.

          Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.

           Китоб ҳаётнинг қоронғу ва зимистон йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

         Шундай экан ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга ўта чанқоқ бўлишимиз, фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.

 Анвархон Садриддинов,
 Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме 
масжиди имом хатиби