Жамият аъзоларига муносабат

"КИМ ЎЗИНИ БАХТСИЗ ҲИС ҚИЛАДИ?"

"КИМ ЎЗИНИ БАХТСИЗ ҲИС ҚИЛАДИ?"

  Нега узоқни яқин қилувчи, оғирни енгил қилувчи турли воситалар ривожланса-да, инсонлар тобора ўзини бахтсиз ҳис қилмоқдалар? Нега инсонлараро меҳр-оқибат йўқолмоқда? Ўйлаб кўрганмисиз? Нега?

  Таиландда маймунларни тутиш учун ажойиб тузоқ қўйиш усуллари бор. Узун занжирнинг бир учини дарахтга боғлаб, бошқа тарафига кокос ёнғоғи боғланади. Кокосни кичкина тешиб, ичига ширинлик қўйилади. Маймун шу ширинликнинг ҳидига келади. Қўлини зўрға кокос тешигига тиқади. Ширинликни ушлаган вақти қўли мушт ҳолатида бўлгани учун ташқарига чиқаролмайди. Овчилар яқинлашганида, маймун довдираб қочолмайди. Аслида, маймунни ҳеч нарса ушлаб турмайди. У бу вазиятда ширинликни қўйиб, қўлини кичкина тешикдан чиқариши керак эди.

  Лекин маймунларда очкўзлик кучли бўлгани учун камдан-кам маймунлар бу тузоқдан қутулиб қоладилар.

  Бизларни ҳам тузоққа туширган ва қопқонда қолишимизга сабаб бўлаётган нарса бу зеҳнимизга ўрнашган ҳирс ва очкўзлик эмасми? Эллик йил аввал ҳам инсонларда пул бор эди. Дўконларда эҳтиёжига етадиган ўнта маҳсулот бўларди. Одамларнинг пули эса ўнта маҳсулотнинг бештасига етарди. Яъни, эҳтиёжининг ярмини ололарди. Бугун ҳам инсонларда пул бор. Одамларнинг пули эса уларнинг юзтасига етади. Бу юзтаси эҳтиёжидан ҳам ортиқча. Лекин инсон тўймаяпти, эҳтиёжи бўлмаса ҳам бошқа нарсаларни ололмагани учун ўзини бахтсиз ҳис қиляпти. 

Нофеъ розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо овқатланмоқчи бўлса, ёнида, албатта, бир мискин бўлар эди. Бир куни бир мискинни Ибн Умар розияллоҳу анҳумо билан бирга овқатланишга таклиф қилдим. У жуда кўп овқат еди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Нофеъ, қайта бу одамни таомга таклиф қилмагин. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, мўмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди”, деганлари эшитганман”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу овқатни қизғаниш эмас, балки ҳалиги кишининг кўп ейиши кофирнинг одатига ўхшагани учун хушламаган.

Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.

Нафсимизни поклаш учун қуйидагиларга амал қилишимиз керак экан:

1.  Нафсни риё, ужб (ўзидан фахрланиш), бахиллик, очкўзлик, таъма, охират ҳисоб-китобидан хотиржам бўлиб қолиш каби ёмон хислатлардан поклаш;

2.  Нафсни ихлос, инобат (Аллоҳ таолога қайтиш), Аллоҳдан қўрқиш, шукр ва камтарлик каби чиройли хислатлар билан гўзал қилиш;

3.  Фарз ибодатларни доимий адо этиб юриш, чунки Аллоҳ таолога фарзлардан кўра севимли амал йўқ;

4.  Нафл ибодатларни кўп қилиш, чунки банда нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиб бораверади, ҳатто Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриб қолади;

5.  Қуръони каримни тадаббур билан қироат қилиш. Зеро, Қуръон тиловати қалбни поклайди, қалб покланса, нафс ҳам покланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам: 

“Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, қалбни сайқаллаш (зангини кетказиш) қандай бўлади? ” – дейилди. “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти);

6.  Илм ўрганиш;

7.  Нафсни тергаб туриш ва нафснинг шариатга зид хоҳишларига қарши курашиш. Бу орқали инсон ҳавои нафс, шайтон ва дунё лаззатлари устидан ғолиб келади. Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бандага ўз нафсидан насиҳатчи бўлса ва нафсни тергаш эътиборида турса, у доим яхшиликда бўлади”, – деганлар;

8.  Солиҳ инсонлар билан суҳбатлашиш ва хулқи бузуқ одамларнинг суҳбатидан четда бўлиш.

Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизни сайқаллаш ва қалб касаллигидан покланишимиз учун тавфиқ ва иноят берсин!

 

Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон туман бош имом хатиби