Жамият аъзоларига муносабат

КИБР, МАНМАНЛИК ВА ҒУРУР — ҚАЛБНИ ҲАЛОКАТГА ЕТАКЛОВЧИ ИЛЛАТЛАР

КИБР, МАНМАНЛИК ВА ҒУРУР — ҚАЛБНИ ҲАЛОКАТГА ЕТАКЛОВЧИ ИЛЛАТЛАР

“Одамларга (кибирланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибирли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят)

Кибр — инсон қалбига секин кириб, уни ич-ичидан емириб борадиган хавфли иллатдир. У шайтоннинг энг биринчи гуноҳига сабаб бўлган хислатдир. Иблис Одам алайҳиссаломга сажда қилиш амри берилганда: “Мен ундан яхшироқман”, деб такаббурлик қилди ва абадий лаънатга учради. Демак, кибр — инсонни Аллоҳ амридан бош тортишгача олиб бориши мумкин бўлган офатдир.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У Қиёмат кунигача ер қаъринга кириб кетаверади.” (Имом Бухорий, Насоий ва бошқалар ривояти)

Бу ҳадис такаббурликнинг оқибати қандай аянчли эканини яққол намоён этади. Инсон ўзини улуғ тутса, Аллоҳ уни паст қилади. Ким камтар бўлса, Аллоҳ уни юксалтиради. Зеро, буюклик фақат Аллоҳга хосдир.

Амр ибн Шуъайб бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги ‘Булис’ деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар.”(Имом Насоий ва Термизий ривояти)

Дунёда ўзини катта санаган, бошқаларни менсимаган инсон Қиёмат кунида энг паст ҳолатда тирилтирилади. Бу — адолатнинг илоҳий намоёнидир. Чунки кибр инсонни ҳақиқатни тан олишдан, ўз айбини кўришдан, ҳатто тавбадан ҳам тўсади.

Кибрнинг кўринишлари турлича:

— бойлиги билан фахрланиш;

— мансаби билан керилиш;

— илми билан бошқаларни паст кўриш;

— насли ёки келиб чиқиши билан мақтаниш.

Ҳолбуки, инсон яратилиши жиҳатидан ожиздир. У бир томчи сувдан яратилган, охири эса бир ҳовуч тупроқдир. Шундай экан, нима учун у кибр қилади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қалбида заррача кибр бўлган киши жаннатга кирмайди.” (Муслим ривояти)

Саҳобалар: “Киши яхши кийим кийишни, яхши пойабзал кийишни яхши кўради”, — дейишганда, у зот: “Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради. Кибр — ҳақни рад этиш ва одамларни менсимасликдир”, — дедилар.

Демак, покиза кийиниш ёки тартибли бўлиш кибр эмас. Кибр — ҳақиқатни инкор қилиш ва инсонларни паст санашдир.

Мўмин киши қалбини доимо текшириб туриши лозим. Агар бировнинг ютуғини кўриб ичи торса, агар камбағални менсимаса, агар ўзини бошқалардан устун деб билса — бу кибрнинг нишонасидир. Бундай ҳолда дарҳол истиғфор айтиш, тавба қилиш ва камтарликни одат қилиш керак.

Камтарлик — пайғамбарлар ахлоқидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерда ўтирар, оддий таомни тановул қилар, беморларни зиёрат қилар, етимларнинг бошини силаб қўяр эдилар. У зот инсоният саййиди бўла туриб, энг камтар инсон эдилар.

Кибр қалбни қорайтиради, муҳаббатни сўндиради, жамиятда адоват уруғини сочади. Камтарлик эса қалбни нурлантиради, инсонни халқ орасида азиз қилади ва Аллоҳнинг розилигига етаклайди.

Эй мўминлар! Кибрдан сақланайлик. Чунки у — шайтоннинг йўли. Камтарликни ихтиёр қилайлик. Чунки у — жаннатга олиб борувчи йўлдир.

Аллоҳ таоло қалбларимизни кибр ва манманликдан поклаб, камтар ва тақводор бандаларидан айласин.

Назруллоҳ Акрамжанов,
Тўрақўрғон туман “Ҳўжа Калон Абдулмоний” жоме 
масжид имом ноиби