Таълим тарбия

КАТТАЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ — МЎМИННИНГ ЗИЙНАТИДИР

КАТТАЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ — МЎМИННИНГ ЗИЙНАТИДИР

Аллоҳ таоло инсонни гўзал ахлоқ билан безанишга буюрган. Ана шу гўзал хулқларнинг энг улуғларидан бири — катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг ҳаққини жойига қўйишдир. Катталарни эъзозлаган инсон нафақат одамлар наздида, балки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам қадрли бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ота-она ҳақида шундай марҳамат қилади: “Раббинг фақат Ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишингизни амр қилди. Агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етса, уларга ҳатто «уф» ҳам дема, уларни жеркима ва уларга ширин сўз айт.” (Исро сураси, 23-оят)

Бу оят ота-онага нисбатан бўлса-да, унда барча кексаларга эҳтиром руҳи мужассамдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳаққини билмаган киши биздан эмас. (Имом Термизий ривояти)
Яна бир ҳадисда: “Кекса мусулмонни ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлаш жумласидандир.” (Абу Довуд ривояти)

Демак, кексаларни ҳурмат қилиш оддий одоб эмас, балки Аллоҳ таолони улуғлашнинг бир кўринишидир.
Бир куни ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо сафарда эдилар. Йўлда бир саҳройи аробийни учратиб қолдилар. Дарҳол унга ўз уловларини бердилар, ўзлари бошларига ўраб юрган саллаларини ҳам ечиб совға қилдилар.

Шогирдлари ҳайрон бўлиб:

— Бу одам оддий саҳролик экан, нега унга бунчалик эҳтиром кўрсатдингиз? — деб сўрашди.
Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

— Бу кишининг отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг яқин дўстларидан эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Яхшиликнинг энг афзали — отасининг дўстларига яхшилик қилишдир деганларини эшитганман.
Қаранг, саҳобалар ҳатто отасининг дўстига ҳам шунча эҳтиром кўрсатганлар.

Бир йигит кекса отасини уйида оғир юк деб билар, унга кам эътибор берарди. Бир куни у ўзининг кичик ўғлининг ҳовлида тахта бўлагини ўйиб ўтирганини кўриб:

— Нима қиляпсан? — деб сўради.

Боласи:
— Дадажон, сиз қариганингизда овқат ейишингиз учун ёғоч товоқ ясаяпман, — деди.

Бу сўз отанинг қалбига найзадай санчилди. Ўша куни у ўз отасининг ҳаққини қанчалар унутганини англаб етди ва йиғлаб тавба қилди.

Чунки инсон қандай муомала қилса, кўпинча шу муомалани ўзи ҳам қайта кўради.
Ҳулоса шуки

Кексалар — хонадоннинг баракаси, дуоси қабул бўладиган инсонлардир. Улар ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган, тажриба тўплаган инсонлардир. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, сўзларини бўлмаслик, олдиларида овозни баланд қилмаслик, хизматларида бўлиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

Аллоҳ таоло бизларни ота-онамизга, устозларимизга ва барча кексаларимизга эҳтиромли бўлган солиҳ бандаларидан қилсин. 


Абдулаҳад Абдуғофуров,
Наманган шаҳар Мулла Абдулқодир охунд жоме 
масжиди имом ноиби