Аллоҳ таоло бандасининг ризқини ҳам бошқа махлукотлариники каби аввалдан белгилаб қўйган. Фақат инсон ақлли махлуқ мавжудот бўлгани учун касби-кор, ҳалол меҳнат қилиб, ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида шундай буюрган: “Эй, имон келтирганлар! Мол- мулкларингизни ўртада ноҳақ ботил (йўллар) билан емангиз! Ўзаро, розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”. Яна Аллоҳ таоло Набаъ сураси, 11-оятида: “Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик” деб кундуз вактини меҳнат ва касб-ҳунар, тирикчилик вақти эканини билдирмоқда.
Инсон меҳнат, касб-ҳунар билан обрў ва шараф орттиргани каби оила аъзоларининг эҳтиёжларини кондиради. Уламо-устозларнинг сўзларига кўра: “Ўзини ва оиласини таъмин киладиган миқдорда меҳнат қилиш вожиб, ундан зиёдаси учун меҳнат қилиш мубоҳдир”. Бандалар Аллоҳ таолонинг буйруқларини сузсиз адо қилиши учун либос ва нафсининг озуқасига муҳтож. Инсон бунга фақат меҳнат қилиш билангина эришади. Зеро, Аллоҳ таоло Жума сурасининг 10-оятида шундай марҳамат қилган: “Энди қачон намоз адо қилингач, укиб булингач, ерга тарқалиб, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”. Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилишлик, меҳнат қилишлик динимизда буюрилган ишдир.
Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланса, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларга мурувват курсатиш мақсадида ҳалол меҳнат орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, Қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”, деганлар, бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ таоло ҳунарманд мўъминни севади” деганлар. Бундан ташқари, ҳалол мехнат қилиш ҳам ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, у банданинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорат бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган меҳнат, касбгина каффорат бўлади”, деганлар.
Собит Баноний розияллоҳу анҳу деган улуғ зот айтадилар: “Менга айтишларича, ибодатлар ўн бўлакдир: тўққиз бўлаги тирикчилик талабидаги меҳнатда ва биттаси ибодатдадир”.
Ҳаким Абул Қосим айтадилар: “Ҳалол меҳнат қилиш иффатли камбағални гўзаллаштиради, заифнинг муҳтожлигини беркитади, пасткаш ғийбатчининг тилини кесади”.
Касбу ҳунарли, меҳнаткаш бўлиш Пайғамбарларнинг одатидир. Ривоят қилинишича Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Довуд алайҳиссалом одамлар танимайдиган суратда чиқиб, мамлакат аҳлидан, ўзлари ҳақида сўрар эдилар. Бир куни у кишига Жаброил фаришта алайҳиссалом одам қиёфасида кўринди. Довуд алайҳиссалом айтдилар: “Эй йигит, Довуд ҳақида нима дейсан?”. “У яхши одам, лекин бир ёмон хислати бор мусулмонлар хазинасидан фойдаланади. Бандаларнинг ичида Аллоҳ таолога севимлироғи ўз меҳнати билан ризқ топиб ейдиганидир”, деди Жаброил. Шундан сўнг Довуд алайҳиссалом ўз ўринларига қайтиб, йиғлаб-йиғлаб айтдилар: “Эй Роббим, менга бир ҳунар ўргатгин, мўминларнинг молидан фойдаланмай”. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирчилик касбини ўргатди. Темирлар у кишининг қўлида худди хамирдек юмшоқ бўлиб қоларди. Довуд алайҳиссалом ишдан бўш вақтларида совут ясардилар сўнгра уни сотиб ўзи ва оиласининг эҳтиёжларига сарфлар эдилар.
Довуд алайҳиссаломнинг вафотидан кейин у кишининг ўрнига Пайғамбар бўлган ўғли Сулаймон алайҳиссалом инсонлар ва жинларнинг подшоҳи эдилар. У кишига шамоллар бўйсундирилган, барча ҳайвонотнинг тилини билар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом одамларга минбарда хутба қилаётганларида, қўлида палма дарахтининг новдалари бўлар эди, ундан сават ёки шунга ўхшаган бирор нарса тўқиб ўтирар эдилар. Тўқиб бўлганларидан сўнг бир кишига бериб: “Бозорга олиб бориб сотгин”, дер эдилар.
Бу икки зотдан ташқари Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Иброҳим алайҳиссалом газлама савдоси, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик билан шуғулланганлар. Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалда чупон сунгра савдогарлик касби билан шуғулланганлар.
Энг улуғ зотлар бўлмиш Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол меҳнат, пешона тери билан топганлари инсоният учун буюк ибрат бўлмоғи керак.
Ўтган улуғларимиз, авлиёлар ҳам бирор касб билан шуғулланганлар. Ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди, тамаъдан узоқ бўлади. Зеро, халқимизда ҳам “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдирки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи даркор. Чунки ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир. Устозларимиз ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, йигитликнинг безаги ва зийнати ҳалол меҳнат ва касб орқасидан дейишган. Фарзандларини илму ҳунарли бўлишларига ота-оналар жиддий эътибор қаратишлари керак.
Банда Аллоҳ таоло берган қобилияти ва ақл идроки туфайли эришган касбидан фақат хайрли мақсадларда фойдаланиши, ўзидан сўнг шогирдларга мерос килиши зарурдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ризқларимизни ҳалол меҳнат ва касбу-корларимиз оркали ато қилсин!
Расулхон Қориев,
Поп туман “Ғойиб ёронлар” жоме
масжиди имом-хатиби.