Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турганимиз учун меҳрибон Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз!
Аллоҳ таоло Ўз хоҳиш-иродаси билан баъзи бандасига дард бериб, у сабабли бандаларининг хато-камчиликларини ўчиради. Халқимизда “Иссиқ жон, иситмасиз бўлмас” деган нақл бор. Албатта, бу нақл бежиз айтилмаган. Зеро, хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Бемор кишининг ҳолидан хабар олиб, кўнгил сўраш бошқа мусулмонларнинг вазифаси бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бешта: саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, чақирилган жойга бориш, аксирган кишига (“Ярҳамукаллоҳу...”, деб) жавоб айтиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири – касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан.
Беморни зиёрат қилиш фазилати ҳақида ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, агар бемор учун ноқулай бўлмаса, кечқурунлари ҳам уларни кўриш учун бориш мумкиндир.
Беморларни зиёрат қилиш биринчи навбатда яқин қариндошлардан бошланади. Бу ўз навбатида динимизда буюрилган қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.
Беморларни зиёрат қилиш фазилати ва уларнинг қалбига хурсандчилик киргизувчи ҳадислардан бири – қуйидаги ҳадиси қудсий бўлиб, унда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали Аллоҳ таоло бундай дейди:
“Аллоҳ таоло қиёмат куни бундай дейди: “Эй одам фарзанди, (нега) мен касал бўлганимда мени кўргани қилмадинг? Банда эса: “Эй Раббим, ахир Сен оламлар Парвардигорисан, қандай сени кўргани бораман?” Шунда Аллоҳ таоло айтади: “Сен фалончи бандамнинг касал эканини билиб туриб, нима учун уни кўргани бормадинг? Билмайсанми, агар ўша касални зиёрат қилиш учун олдига борганингда, унинг ҳузурида мени топардинг?” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга касал бўлган биродарларимизни зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олишга ундаб шундай деганлар:
“Беморларни зиёрат қилинглар ва улардан ҳаққингизга дуо қилишларини сўранглар. Чунки касалнинг дуоси фаришталарни дуоси каби мустажобдир ва унинг гуноҳлари кечирилгандир” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилган).
Динимизнинг гўзал ҳикматлари ва Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, биз агар бир бемор биродаримизни кўриш учун борсак, гўёки унинг оғирини енгил ва дардига шифо тилаб қайтамиз ва асосий мақсад шу билан ҳосил бўлади, деб тушуниб қолганмиз. Ваҳоланки, Раҳимли Парвардигоримиз шу савобли ишда ҳам биз бандаларига кўпроқ ажр-савоб ишлаш ва дуоси мустажоб бўладиган инсонларнинг дуосидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар қилди.
Динимизда ҳар бир хайрли ишнинг одоби бўлгани каби, уламоларимиз беморнинг зиёрати бобидаги одобларни қуйидагича санаб берганлар:
Касал кўриш чоғида дард, беморлик Аллоҳнинг бир неъмати экани, банда унга сабр қилса, Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиришини тушунтирилади.
Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб, салом билан кирилади ва унга яқин, иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
Беморни зиёрат қилиш – Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” – деб сўралади. Агар у хоҳлаган нарсасини айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтилмайди.
Агар зарурат бўлмаса, касал кўргани кечаси бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдида узоқ ўтирилмайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади. Имкон бўлса беморни дуоси олинади. Чунки унинг дуоси ижобатдир. Хайрлашишда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.
Аброрхўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби