Жаҳолатга қарши маърифат

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ  ФИТНАЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ  ФИТНАЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

Ҳозирги кунда Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ саҳифаларида Абдуллоҳ Зуфар, Маҳмуд Абдулмўмин ва Абу Салоҳ каби тахаллусларда фаолият олиб бораётган шахслар диний мазмундаги дарслар, саволларга жавоблар бериш орқали жамиятимизда турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар келтириб чиқармоқдалар. 

Уларнинг асли ким экани, илмий салоҳияти, мазҳаби ва ақидаси қандай экани кўпчилик ёшларимизга маълум эмас. Шу боис айрим ёшлар билиб-билмай уларнинг гапига қулоқ солаётгани, фикрларини қўллаб-қувватлаётгани жуда хатарли ҳол. 

Мазкур шахслар ҳақида қисқа маълумот бериб ўтамизки, зеро, бу динимиз ва юртимиз душманларини таниб олишимизда жуда муҳим ҳисобланади. 

Абдуллоҳ Зуфар Миср Араб Республикасида бироз таълим олган. Кейин Миср ҳукумати томонидан таъқибга учраб, Сурияга бориб, ўша ерда ўзбек тилида билимсизлик билан турли ихтилофларни қўзғашни бошлаган. Унинг аудиода ёзилган гап-сўзлари илмсиз эканини яққол исботламоқда. Оят ва ҳадисларни зоҳирий – юзаки маъносини олиб, мазҳабсизликка тарғиб қилиб, мужассима (Аллоҳ таолога жисм сифатини берувчи тоифа) ва хаворижларнинг ақидасига тарғиб қилаётгани кўпчилик илм аҳлларига сир эмас. 

Шу нуқтаи назардан ёшларимиз Абдуллоҳ Зуфар сингари “ҳижрат”, “жиҳод” тушунчаларидан хўрак сифатида фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда “қармоқ” ташлаб ўтирган, юзлаб мусулмонларнинг ҳаёти барбод бўлишига сабабчи бўлган миллат ва дин хоинларидан эҳтиёт бўлишлари лозим. 

Абу Салоҳ тахаллуси билан танилган Сирожиддин Мухторов эса “Тавҳид ва жиҳод” жиноий тўданинг тарғиботчиси саналади. Ушбу тўда Суриянинг Идлиб вилоятидаги энг қонхўр ва жоҳолат ботқоғига ботган ташкилот ҳисобланиб, ундаги жангариларнинг қўллари мусулмонларнинг қонига билагигача ботган.

2020 йил июнь ойида “Ҳайъати Таҳририш-шом” ташкилоти томонидан Абу Салоҳ қўлга олиниб, гуруҳнинг хазинаси – байтулмолдаги маблағни ўзлаштиргани сабабли қамоққа олингани, ҳозирда ҳам қамоқхонада ўтиргани юқоридаги фикрга далил бўлади. 

Қайд этилганлар ўзини “ҳақиқий мужоҳид” деб танитаётган шахснинг асл юзини очиб беради. 

Бугунги кунда мазҳабларни бир-бирига қориштириш, мазҳабларнинг фатволаридан бирини ўзича устун билиб, амал қилишни тавсия қилиш йўлидан бораётган шахслар йўқ эмас. 

Шуни унутмаслик керакки, мазҳабларнинг сўзларини аралаштириш, уларни инкор қилиш билан баробардир. 

Бундан ташқари, баъзи адашган шахслар ақида борасида Ашъарий ва Мотуридийларни очиқчасига адашганга чиқармоқда. 

Маҳмуд Абдулмўмин дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, юртимизда ҳам тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” экстремистик уюшмасининг ашаддий ташвиқотчиси ва фаоли саналади. У Ўзбекистон фуқароси эмас. 

Ушбу шахсга айрим ғаразгўй кучлар сиёсий исломни ташвиқот қилиши учун шароит яратиб бермоқдалар. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти тингловчилари орасида Марказий Осиё давлатларига қарши “жиҳод”га тарғиб қилишни қўллаб-қувватлашмоқда. 

Одамларни йўлдан оздириш, ботил ғоя ва ақидаларни тарқатишга қаратилган ҳаракатлар аввалги даврларда ҳам мавжуд бўлган. Сўзга уста, аслида эса илмсиз ва жоҳил кишилар одамларга “фатво” бериб, ўзларини машҳур қилиш, сохта обрў орттиришга уринганлар. 

Шуни унутмаслигимиз керакки, уламоларимиз азалдан “Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак” эканини таъкидлаб келганлар. 

Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ “Шаръий илм – бу дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!” деганлар

Жаъфархон Суфиев, 
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме  
масжиди имом хатиби.