Жамият аъзоларига муносабат

ЮРТ ШАЪНИ МУҚАДДАС

ЮРТ ШАЪНИ МУҚАДДАС

   Инсон қаерда дунёга келса, анашу ер унинг учун азиз ватан ҳисрбланади. Инсон учун киндик қони тўкилган жой ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, барча нарсадан қимматли даргоҳдир. Ватанни севиш, уни эъзозлаш, асраб-авайлаш, унинг тинчлиги ва равнақи йўлида жон куярлик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зотан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилиб ўсган шахар - Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар: 

     Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Мен учун нақадар севимлисан! Қавмим мени сендан чиқариб юбормаганида, сендан  бошқа жойда яшамаган бўлар эдим” (Имом ибн Ҳиббон ривояти). 

     Ислом ватанни севишга, унинг ободлиги ва форовонлиги йўлида ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилишга даъват этади. Муқаддас динимиз манбаларида юрт шаънини муқаддас билиб, унга садоқатли бўлиш улуғланади. Жумладан, Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган: “Агар биз уларга: "Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг", - деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилмаган бўлардилар,, (Нисо сураси, 66-оят). 

    Имом Фаҳриддин Розий роҳимаҳуллоҳ ушбу оятни "Аллоҳ таоло Ватандан айрилишни инсоннинг ўзини ўзи ўлдиришига тенглаштирмоқда", деб тафсир қилган("ат-Тафсир ал- кабир" китоби). Бундан маълум бўладики, тарозининг бир палласида жондан айрилиш турса, иккинчи палласида Ватандан айрилиш турар экан.

    Азизлар! Бугун биз жонажон ватанимиз мустақиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Бу йилги байрам тантаналари "Ватан учун, миллат учун, халқ учун" шиори остида нишонланмоқда.

     Дарҳақиқат, сўнги йилларда мамлакатимизда кузатилаётган янгиланишлар, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон майдонида Ватанимиз шаънининг юксалишига ҳизмат қилмоқда. Юртимизни халқаро миқёсдаги обрўси кундан-кунга юксалиб, унинг довруғи ҳамма жойларга етиб бормоқда.

     Албатта бу холат барчамизни қувонтириб, қалбларимизни фахр ва ғурурга тўлдиради. Шу билан бирга, елкамизга ватан шаънини муқаддас билиб, уни янада юксалтиришдек маъсулиятли вазифа юклайди. Халқимиз азалдан Ватанни севишни, уни ардоқлашни муқаддас фазилат деб билиб, у билан зийнатланишга ҳаракат қилган.

     Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Бобур,Маҳмудҳўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби аждодларимиз ўз ҳаётларини Ватан йўлида фидо қилганлари барчамизга ўрнак бўлиши лозим. 

       Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг"(Моида сураси, 2-оят).

     Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бир ёқадан бош чиқариб баҳамжиҳат меҳнат қилиш ҳам оятда зикр қилинган яхшилик ва тақво йўлидаги ҳамкорликка киради. Шундай экан, Ватамиз шаънини асраб авайлаш, унинг янада юксалтириш йўлида ҳамкорлик қилайлик, азизлар!

     Юртимизда мусулмонларимиз ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун муҳташам ва замонавий масжидлар барпо этилмоқда, йўлларимиз равон, бозорларимиз тўкин, ҳаётимиз фаровон бўлиб бормоқда. Буларнинг асосий сабаби эса юртимиздаги тинчликдир. Шу сабабли барчамиз тинчликнинг қадрига етиб, шукроналик келтиришимиз лозим. Шукроналик эса Ватан келажаги учун қайғуриш, уни севиш ва ардоқлаш, асраб-авайлаш, тараққиёти йўлида тараққиёти йўлида сидқидилдан саъйи-ҳаракат қилиш билан бўлади.

      Бугунги глобаллашув даврида одамларнинг таълим олиш ва ишлаш учун хорижий мамлакатларга сафар қилишлари табиий холдир. Бу замонавий  тилда меҳнат мухожирлиги (Миграция) деб аталади. Қайсидир юртлар ишчи кучи етишмаслиги сабабли меҳнат мухожирларига мухтож бўлади, қайсидир юртларда ишчи кучи кўплигидан аҳолиси меҳнат мухожирлигига чиқиб кетади.

      Бугунги кунда Ўзбекистонни хорижий мамлакатлар билан алоқалари кундан-кунга ривожланиб бормоқда.

     Бу эса  юртдошларимиз учун хорижда таълим олиш ва ишлашга кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан доимий мулоқот қилиш, уларни ҳартомонлама қўллаб-қуватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш асосий йўналишлардан бири  ҳисобланади.

   Таъкидаш жоизки, меҳнат муҳожирлигида юрган ватандошларимиз, ўзларини иш билан таъминлаш билан бирга давлатимиз иқтисодига катта фойда келтиришмоқда. Фақат шу ўринда бу масаланинг маънавий томони ҳам борки, ҳоҳ Ватанида, ҳоҳ мусофирликда бўлсин ҳалол касб-кор қилиш ҳам ибодатдир. Ҳадиси шарифда "Кимки бировдан нарса сўрашдан иффатини сақлаш, қўшнисига яхшилик ва аҳли аёлига нафақа бериш мақсадида ҳаракат қилиб ҳалол мол дунё учун ҳаракат қилса, Қиёмат кунида (махшаргоҳда) юзи тўлин ойдек бўлган холда келгай ", дейилган (Имом Байҳақий ва Имом Абу Нуайм ривоятлари). 

     Уламоларимиз бу ҳадис шархида мусофирчиликда меҳнат қилаётганларни алоҳида таъкидлаб, уларга бериладиган ажр кўпроқ бўлишини таъкидлайдилар. 

Динимизда ҳар бир амалнинг натижаси (савоб ёки гуноҳ бўлиши) ниятга боғлиқдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай денанлар: "Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир кишига ният қилинган нарсаси бўлади... " (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

     Албатта, чет элга ўқишга ёки ишлашга чиқаётган киши фойдали илм ёки хунар ўрганиш, келажакда уни ватан равнақи йўлида ишлатиш, қарздан қутилиш ниятида бўлса, бу мақсадлар тўғри ният ҳисобланади.

Абдулбосит Лутфуллаев,  
Наманган шаҳар “Боқи мирзо” жоме   
масжид имом ноиби