Жамият аъзоларига муносабат

ИСРОФГАРЛИКДАН САҚЛАНИНГ!

ИСРОФГАРЛИКДАН САҚЛАНИНГ!

Ҳар бир ишда исроф ҳаромдир. Масалан, бир ўқувчи ўзига керакли мактаб ашёларини, қалам, ручка, ўчирғич кабиларни ортиғи билан олиб, баъзиларини ишлатмасданоқ ёки озгина ишлатиб, ташлаб юборса, бу исроф саналади. 

Бир кишига бир неча костюм ёки оёқ кийими етарли, у жуда кўп кийим олиб, уларни киймайдиган бўлса, бу ҳам исроф ҳисобланади.

Ошхонада икки хил овқат билан тўйиш мумкин бўлган ҳолда беш-олти хил овқат олиб, улардан бир қисмини емасдан қолдириш исрофдир. Намоз ва ғусл таҳоратини олганда, сувни ортиқча ишлатиш ҳам исрофдир.  Ана шундай кишилар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "... исроф қилувчилар шайтоннинг дўстлари бўлган кимсалардир", -дейди ("Исро" сураси,27-оят).

Ҳамма соҳада исрофдан сақланиш лозим. Ҳатто ибодат қилганда ҳам ўрта йўл тавсия этилади. Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири тун-кун намоз ва Қуръон ўқир, кундузлари рўза тутарди. Бир куни ўша кишининг хотини пайғамбаримиз олдиларига бориб: "Ё Расулуллоҳ, менинг эрим муттасил ибодат билан шуғулланади. Менга ҳамда болаларига қарашга вақти йўқ. Бизни оғир аҳволга тушириб қўйди", - деди. 

Пайғамбаримиз бу сўзларни эшитгач, саҳобаларини чақириб, ибодатлари ва рўзасини камайтириб, оиласи ва болалари учун вақт ажратишга буюрдилар.

Баъзи одамлар пул ва молларидан ташқари вақтларини ҳам исроф қиладилар. Вақт ҳам Аллоҳнинг неъмати. Уни яхши ва фойдали ишларга сарфламоқ даркор. Пайғамбаримиз бир кунни уч қисмга бўлардилар. Бир қисмини ибодат билан, бир қисмини оила ишлари билан, яна бир қисмини халқ ишлари билан ўтказар эдилар. Халқ ишлари учун ажратилган вақт кифоя қилмаса, оилаларига ажратган вақтдан олар, ибодат вақтига тегмас эдилар.

Қуръони каримдаги "Вал-аср" сурасини Аллоҳ таоло: "Аср (вақти)га қасамки..." деб бошлайди. Бу оятда вақтнинг одамлар учун қанчалик аҳамиятга эга эканлиги таъкидланган.

Пайғамбаримиз ҳам бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: "Икки неъмат борки, одамлар буларнинг қимматини англаб етмайдилар. Улардан биринчиси соғлиқ, иккинчиси эса бўш вақт". 

Демак, бўш вақтларини йўққа чиқарган кишилар вақтни исроф этиб гуноҳ қилган бўладилар. қиёмат кунида одамлардан ўз умрини қаерда ва қандай ишлар билан ўтказгани ҳам сўралади. Емоқ, ичмоқда, кийинмоқда, уйга керакли нарсаларни олганда исрофдан эҳтиёт бўлиш лозим. Ўзимизга етарли бўлганидан ортиқча олмаслик керак.

 

Хайруллоҳ Муродшаев,
Янгиқўрғон тумани “Қаюм ота” жоме
масжиди имом хатиби