Жамият аъзоларига муносабат

ИСРОФГАРЧИЛИК ИЛЛАТИ — ТЎЙ БАРАКАСИНИ ЎҒИРЛАЁТГАН ДАРД

ИСРОФГАРЧИЛИК ИЛЛАТИ — ТЎЙ БАРАКАСИНИ ЎҒИРЛАЁТГАН ДАРД

Бугун жамиятимизда тўй маросимлари нафақат қувонч, балки баъзан оғир масъулият, ҳатто босим манбаига айланганини кузатиш мумкин. Аслида, никоҳ — Аллоҳ таоло томонидан инсон ҳаётига барака, осойишталик ва муҳаббат олиб кирувчи муқаддас аҳд ҳисобланади. Аммо сўнгги йилларда бу улуғ маросим кўп ҳолларда ўз маъносидан узоқлашиб, ортиқча дабдабавозлик, риё ва рақобат руҳи билан аралашиб кетди.

Одамлар тўй ўтказишда гўё “кимникиси зўр” деган пойгага тушгандек ҳаракат қилмоқда. Натижада, баъзи оилалар бир кеча завқи учун йиллар давомида йиғилган маблағини сарфлаб юборади ёки ҳатто қарзга ботади. Бу эса янги ҳаётнинг бошида оғир юк бўлиб, барака ва хотиржамликни сўндиради.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Албатта, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди.” (Аъроф сураси, 31-оят)

Бу оятда фақат егулик ҳақида эмас, балки ҳаётнинг барча соҳаларида меъёрни сақлаш зарурлиги уқтирилган. Исрофгарчилик — нафақат молиявий, балки маънавий йўқотиш ҳамдир. Чунки ортиқча ҳаражат, ўзини кўрсатиш, “одамлар нима дейди” деган фикр инсонни ихлосдан узоқлаштиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Никоҳдаги энг баракали тўй — энг содда ўтказилганидир.” (Ибн Можа ривояти)

Демак, тўй баракаси саройлар, олтин безаклар ёки машҳур санъаткорларда эмас, балки ихлос ва самимиятда. Тўй — ибодатга яқин амал, у орқали оила қуриш ниятини Аллоҳ ҳузурида эълон қиламиз. Шундай экан, бу амални риё, манманлик ёки “бошқалардан ўтиб кетиш” истаги билан аралаштириш, аслида, баракани ўғирлайдиган энг катта дарддир.

Кўп ҳолларда “фалончининг тўйи шундай бўлган, бизники ундан зўр бўлиши керак” деган гаплар эшитилади. Аслида, бу рақобат руҳи — иймоний муаммоларнинг белгиси. Чунки мўмин инсон ҳар ишни Аллоҳ розилиги учун қилади, одамлар эътибори учун эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам риё ва манманликни “кичик ширк” деб атаганлар.

Бугун айрим тўйларимизда исроф шу даражага етдики, ўнлаб таомлар ортиқча тайёрланади, ярим еган овқатлар чиқиндига ташланади, қимматбаҳо совғалар “номус” учун олинади.

Ҳолбуки, бу маблағлар билан етим болага кийим-кечак олиб бериш, камбағал оилага ёрдам қилиш ёки ёшларга уй-жой масаласида енгиллик яратиш мумкин эди.

Диний мутахассислар таъкидлайдиларки, никоҳ маросими соддалиги — нафақат молиявий жиҳатдан енгиллик, балки руҳий осойишталик ҳамдир. Оддийлик — бу камбағаллик эмас, балки тафаккур ва ихлоснинг юксак даражаси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима онамизнинг никоҳини энг оддий тарзда, аммо энг улуғ барака билан ўтказганлар.

Бундай ибратли воқеалар шуни кўрсатадики, оиланинг мустаҳкамлиги тўй дабдабасида эмас, балки ўзаро меҳр, ҳурмат ва сабрда намоён бўлади.

Бугун жамиятимизда исрофгарчиликка қарши курашиш — фақат иқтисодий ёки маъмурий масала эмас, балки маънавий тарбия масаласидир. Ҳар бир ота-она, ҳар бир ёш ўзига савол бериши лозим: “Мен бу тўйни ким учун қилаяпман — Аллоҳ ризоси учунми, ёки одамларнинг эътибори учунми?”

Агар жавоб “Аллоҳ ризоси учун” бўлса, унда исроф, дабдаба ва риё ўз-ўзидан йўқолади. Чунки барака оддийликда, самимиятда, ихлосда яширинган.

Тўй — ибодат руҳи билан ўтса, у барака олиб келади. Лекин рақобат, дабдаба ва исрофгарчилик аралашган тўй — янги ҳаёт эмас, қарз ва ташвишли кунларнинг бошланишидир.

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме 
масжиди имом-ноиби