Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай марҳамат қилади: «Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят). Ушбу ояти каримадан аён бўладики, Аллоҳ таоло томонидан берилган беҳисоб неъматларни исроф қилиш, уларнинг қадрига етмаслик ва ноўрин сарфлаш улкан гуноҳдир.
Муқаддас динимиз Ислом ҳар бир жабҳада мўътадиллик ва тежамкорликни тарғиб этади. Аммо, минг афсуски, бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларимизда динимиз белгилаб берган шаръий чегаралардан чиқиб, «ким ўзарга» зиёфат бериш, мақтанчоқликка берилиш ҳолатлари ҳеч бир инсоний ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайди.
Жумладан, тўйларни ҳаддан зиёд дабдабали ўтказиш, сохта обрў учун одамлар устидан пул сочиш, келин-куёвга эҳтиёждан ташқари жуда қимматбаҳо сарполар қилиш ва тўйдан кейин ҳафталаб куёвнинг уйига тоғора-тоғора таом жўнатиш одат тусига кирди. Бундан ташқари, турнақатор тўй кортежларининг йўллардаги хавфли ҳамда куракда турмас ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллий қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган «севги қиссалари» (Love story) ва турли беҳаё шоулар учун беҳуда маблағ сарфлашлари оғриқли нуқтамизга айланди.
Энг ачинарлиси, бундай дабдабабозлик ва чегарадан чиқиш фақат тўйларда эмас, балки мусибат етган хонадонлардаги маъракаларда ва кундалик ҳаёт тарзимизда ҳам давом этмоқда. Ҳаттоки ибодат ва хайрияларимизда ҳам риёкорлик, хўжакўрсинлик ва ортиқча исрофгарчилик учраётгани қалбни оғритади.
Сохта обрў, дабдабабозлик ва риёкорлик иллатлари жамиятимизни маънавий ва иқтисодий жиҳатдан таг-тагидан емирувчи омилдир. Бугунги кунда шу каби беҳуда ишларга кетаётган миллиардлаб маблағлар нафақат ҳавога совурилмоқда, балки келажак авлодимиз ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ваҳоланки, ушбу маблағларни:
Фарзандларимизнинг замонавий илм-фан ва хорижий тилларни эгаллашларига,
Уларни муносиб касб-ҳунарли қилишга,
Янги иш ўринлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этишга,
Йўллар ва инфратузилмани обод қилишга,
Муҳтож ва бева-бечораларга ёрдам бериб, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга
сарфласак, ҳам динимиз буюрган хайрли ишга, ҳам юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Миллий анъаналаримизга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли киборларча шоулар ва хурмача қилиқлар нафақат вақт ва беҳисоб маблағни зое қилади, балки ёшлар тарбияси ва маънавиятини ҳам тубанликка етаклайди.
Ихчамлаштирилган тўй — бу камчилик ёки юзпошшалик эмас, аксинча, камтарона, самимий ва баракали тантанадир. Бунда ортиқча исроф эмас, балки маънавий қадриятлар, оилавий аҳил муҳит ва инсоннинг руҳий хотиржамлиги устувор бўлади. Ихчамлик нафақат иқтисодий жиҳатдан фойдали, балки жамиятда тежамкорлик, оқибат, одоб-ахлоқ ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Муҳтарам Давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратиб, халқимизни исрофгарчиликдан тийилишга, тартиб ва маърифатга амал қилишга доимо чақириб келмоқдалар. Бу тавсиялар нафақат иқтисодий зарурат, балки миллий ва диний маънавиятимизни, оилалар тотувлигини асраб қолиш йўлидаги муҳим қадамдир. Тўй ва маросимларни тартибга солиш — юксак онглилик, маърифат ва юқори маданият белгисидир.
Динимиз инсонни нафс ва ҳавои нафс хоҳишларига қул бўлишдан қайтаради. Дабдабабозлик ва исрофгарчилик иллати эса айнан нафсга таслим бўлишнинг оқибатидир. Келинг, неъматларнинг қадрига етайлик, тўй-ҳашамларимизни исроф ва манманлик эмас, балки шодлик, шукроналик ва барака рамзига айлантирайлик!
(Манбалар асосида тайёрланди)
Паҳриддин ЮСУПОВ,
Наманган тумани бош имом-хатиби